Бугун, 19 апрель куни Қирғизистон парламенти депутатлари бош вазир Сапар Исаковга ишончсизлик вотумини эълон қилишди. Давлат раҳбари эса уни қабул қилди. «Ата Мекен», «Республика — Ата Журт» ва «Онугуу-Прогресс» фракцияси депутатлари Вазирлар Маҳкамаси истеъфосининг ташаббускори бўлишди.
«24.kg» ахборот агентлиги 2010 йил апрель ойида юз берган инқилобдан сўнг, қирғиз ҳукумати раҳбарларининг барча истеъфолари сабабларига тўхталиб ўтди.
Сапар Исаков (2017 йил август – 2018 йил апрель)

2017 йил август ойида 40 ёшли Сапар Исаков бош вазир қилиб сайланди. Бир неча дадил, аммо амалга ошмай қолган лойиҳалар билан эсда қолди. Уларнинг орасида «Таза коом», «Тундук» ва «Ақлли шаҳар» лойиҳалари ҳам бор.
Сапар Исаков коррупцияга қарши курашиш тизимини барпо қилишга ваъда берган эди. Аммо 6 ой муддат давомида уни йўлга қўйиш амри маҳол эканини таъкидлади. Натижада Қирғизистон депутатлари тарихда илк маротаба ҳукуматга ишончсизлик вотумини эълон қилишди.
Сооронбой Жээнбеков (2016 йил апрель – 2017 йил август)

2016 йил апрель ойида президент аппарати раҳбарининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаб келган Сооронбой Жээнбеков бош вазир қилиб сайланди.
2017 йил ёзида, СДПК қурултойида у президент лавозимига ягона номзод қилиб кўрсатилганидан сўнг, истеъфога чиқди. 15 октябрда Сооронбой Жээнбеков президент сайловида ғалаба қозониб, Қирғизистон раҳбарига айланди.
Темир Сариев (2015 йил май – 2016 йил апрель)

Темир Сариев 2015 йил май ойида бош вазир лавозимини эгаллади. Бир йилдан сўнг, истеъфо ҳақида эълон қилди. У автомобиль йўлларини қайта таъмирлаш бўйича ўтказилган тендер билан боғлиқ можародан сўнг, шундай қилишга мажбур бўлди.
Низонинг бошида «Қирғизистон» фракцияси собиқ раҳбари Канатбек Исаев турган эди. Айни пайтда, унинг устидан коррупция ва ҳукуматни босқинчилик йўли билан эгаллаш моддалари асосида иккита жиноят иши очилган.



















