АҚШнинг Hobby Lobby дўконлари тармоғига ноқонуний йўл билан тушган, Ироққа тегишли қадимий буюмлар 2 май куни Ироқ вакилларига қайтарилди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар берди. Асори-атиқалар Ироқнинг Вашингтондаги элчиси қароргоҳида топширилган. 

“Биз қадимий ёдгорликларнинг талон-тарож қилиниши олдини олиш бўйича биргаликдаги ишни давом эттирамиз ва бундай жиноий йўл билан фойда кўрмоқчи бўлганлар жавобгарликка тортилади”, деб айтган АҚШ Иммиграция ва божхона хизмати раҳбари вазифасини бажарувчи Томас Хоман.

2017 йил июлида Hobby Lobby тармоғи АҚШ ҳукумати томонидан Ироққа тегишли бир неча минг қадимий буюмнинг контрабандаси учун 3 млн долларлик жаримага тортилганди. Буюмларни божхонадан ўтказиш учун улар керамик плиталар намуналари сифатида маркировка қилинган. Терговчилар қадимий буюмлар АҚШга БАА ва Исроил орқали ноқонуний олиб кирилгани ва Hobby Lobby’нинг корпоратив манзилларига етказилганини аниқлашган.

Фото: REUTERS/Kevin Lamarque

Бундай юклардан бир нечтаси белгиланган манзилгача етиб борган, қолганлари эса божхона томонидан ушлаб қолинган. АҚШ ҳудудига шундай йўл билан умумий қиймати 1,6 млн долларлик 5,5 мингдан кўпроқ қадимий буюм олиб кирилган. Таъкидланишича, уларнинг барчаси мусодара қилинган.