02:46 / 12.05.2018
60399

Ўзбекистонда яна битта халқаро университет филиали фаолиятини бошламоқчи

Фото: MISiS

Олмалиқ шаҳрида Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси “Миллий технологик тадқиқотлар университети “МИСиС”нинг филиали​ жорий йилда илк талабаларни қабул қилади. Бу ҳақда давлат раҳбари имзолаган тегишли қарорда шундай дейилади. 

Маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, “Олмалиқ ТМК” АЖ, “Навоий КМК” ДК, Тошкент вилояти ҳокимлиги ва Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси “Миллий технологик тадқиқотлар университети “МИСиС”нинг (Россия Федерацияси) Олмалиқ шаҳрида Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси “Миллий технологик тадқиқотлар университети “МИСиС”нинг филиалини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди. 

Филиал фаолиятининг асосий йўналишлари этиб, қуйидагилар белгиланган:

  • республиканинг ишлаб чиқариш-саноат тармоғи учун муҳим илмий- технологик вазифаларни ҳал қилишга қодир юқори малакали муҳандис-техник кадрларни халқаро таълим стандартлари даражасида тайёрлаш;
  • металлургия, кончилик иши ва саноат ишлаб чиқаришнинг бошқа тармоқларида фундаментал ва амалий илмий тадқиқотлар олиб бориш;
  • мутахассислар ҳамда илмий кадрлар тайёрлаш тизимини таълим ва фаннинг узвийлиги ҳамда узлуксизлиги, шунингдек, жаҳон таълим ва илмий ҳамжамиятига мажбурий интеграция ҳисобига ривожлантириш;
  • муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва модернизация қилишга йўналтирилган янги таълим дастурлари ҳамда ўқитиш шаклларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
  • таълим ва илмий фаолиятнинг ишлаб чиқариш-саноат фаолияти билан узвий интеграцияси учун шарт-шароитлар яратиш;
  • педагогик салоҳиятни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, педагогик технологияларни ва ўқитиш услубларини фаол такомиллаштириш;
  • таълим ва илмий-техник соҳаларда хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ҳамда бизнес-ҳамжамиятлари билан узоқ муддатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш.

Филиалда ўқитиш Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талабларини эътиборга олган ҳолда “МИСиС” МТТУ томонидан тасдиқланган ўқув режалар ва дастурлар бўйича амалга оширилади.

Абитуриентларни қабул қилиш ва филиал битирувчиларининг аттестацияси “МИСиС” МТТУ томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланадиган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади.

Филиал битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган “МИСиС” МТТУнинг белгиланган намунадаги дипломи берилади.

Мавзуга доир: 1100дан ортиқ талабалар ўқув биносидан чиқарилмоқда

Top