Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги томонидан Наманган вилоятида ўтказилаётган “Китобхонлик кунлари” доирасида Наманган шаҳридаги “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртига диний-маърифий ва бадиий адабиётлар туҳфа қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Учрашувда президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 2-3 майдаги Наманган вилоятига ташрифи доирасида Исҳоқхон Ибрат ёдгорлик мажмуасида зиёлилар нуронийлар билан суҳбат чоғида Косоний, Ибрат каби алломаларга муносиб издошлар бўлиш учун китобга, билимга меҳр қўйиш лозимлиги, китобсиз, билимсиз, маънавиятсиз тараққиётга эришиб бўлмаслиги таъкидланганининг моҳияти ҳақида сўз юритилди.

Фото: Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги
Фото: Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги
Фото: Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги

Куни кеча 130 нафардан зиёд талаба билим олаётган “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти кутубхонасига Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги тизимидаги нашриёт-матбаа ижодий уйларида нашр этилган 100дан зиёд китоб совға қилинди.

Фото: Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги
Фото: Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги
Фото: Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги

– Билим юртимизда диний билимлардан ташқари маънавият асослари, она тили, бухгалтерия ҳисоби, информатика фанлари ҳам ўқитилади, – дейди билим юрти мудири Абдулазиз Бобомирзаев. – Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги раҳбар-ходимларининг бугунги мулоқоти эса талабаларимиз учун ўзига хос маънавият соати вазифасини ўтади. Шунингдек, агентлик томонидан туҳфа этилган китоблар муассасамиз кутубхонасини янада бойитди ва узоқ йиллар мобайнида ёшларнинг бу ерда олаётган билимини оширишга хизмат қилади.