Ўзбекистон | 15:10 / 25.05.2018
79444
2 дақиқада ўқилади

Бош вазир ўринбосарларидан бири лавозимдан озод этилди

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Таълим, соғлиқни сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари комплекси раҳбари Қаҳрамон Валиевич Акмалов лавозимдан олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармони имзоланган.

Фармонда изоҳланишича, Қаҳрамон Акмалов бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимдан озод этилди.

Қаҳрамон Акмалов 2017 йилнинг 29 ноябрида президент томонидан ҳукуматда амалга оширилган ўзгаришлар доирасида Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари лавозимига тайинланганди. У муқаддам Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари лавозимида ишлаган.

Фото: Ўртада Қаҳрамон Акмалов

Шу йил февралида 21 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раисига ўринбосар бўлган Алишер Акмалов ишдан олинганди. Айрим манбаларга кўра, у март ойида «Рашид Қодиров иши» доирасида қўлга олинган ва айни вақтда тергов қилинмоқда. 

Фото: Алишер Акмалов / Миллий Олимпия қўмитаси

Қаҳрамон Акмалов Алишер Акмаловнинг укаси ҳисобланади.

Мавзуга оид