“Бир ҳадис шарҳи” дастурининг бугунги меҳмони пойтахтдаги “Ҳазрат Али” жоме масжиди имом хатиби Салоҳиддин Шарипов. У киши Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳаётларида юз берган ва бутун Ислом уммати учун илм манбаига айланган воқеа ҳақида сўз юритадилар.

YouTube'да томоша қилиш

Tas-IX'да томоша қилиш

Ҳазрати Умар (р.а)дан ривоят қилинади. У киши айтадилар: “Биз бир куни Расулуллоҳнинг (с.а.в) ҳузурларида ўтирган эдик. Бир пайт бизларнинг олдимизга бир киши кириб келди. Кийимлари оппоқ, топ-тоза, сафар қилиб келган одамнинг кийимига ўхшамайди. Сочлари қоп-қора. У кишида сафарнинг асари кўринмас эди. У кишини бизлардан бирор киши танимади. У киши келиб пайғамбаримизнинг олдиларига ўтирдилар, тиззаларини Расулуллоҳнинг (с.а.в) тиззаларига текказдилар. Икки кафтларини сонларига қўйдилар. Ва айтдилар: “Эй Муҳаммад, менга Исломдан хабар беринг”. Пайғамбаримиз алайҳиссалом дедилар: “Ислом – Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад унинг расули эканлигига шаҳодат келтиришинг. Намоз ўқишинг, закот беришинг, Рамазоннинг рўзасини тутишинг ва йўлга қурбинг етса Байтуллоҳни ҳаж қилишинг”, дедилар. У киши: “Тўғри айтдингиз”, деб тасдиқлаб қўйди.

Ҳазрат Умар айтадиларки: “Биз у кишидан ажабландик, ўзи сўраяпти-да, жавобини ўзи тасдиқлаб қўйяпти”. Ва у киши яна пайғамбаримиздан сўрадилар: “Менга иймондан хабар беринг”. Пайғамбаримиз дедилар: “Иймон – Аллоҳ таолога, малоикаларига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига ва тақдирнинг яхши ва ёмонлиги Аллоҳдан эканлигига иймон келтиришингиздир”. У киши яна “Тўғри айтдингиз”, дедилар.

У киши яна сўрадилар: “Эҳсондан менга хабар беринг”. Пайғамбаримиз жавоб бердилар: “Эҳсон – Аллоҳ таолога уни кўриб турганингиздек ибодат қилишингиздир. Агар сиз уни кўрмаётган бўлсангиз, у сизни кўриб турибди”, дедилар.

Шарҳ: Пайғамбаримиз (с.а.в) эҳсон тушунчасини ана шундай шарҳ қилдилар. Ибодат дегани фақат намоз, закот, рўза, ҳаж дегани эмас, бу ерда умумий маънода келмоқда. Ибодат дегани бандалик дегани. Ибодат сўзи “абд” сўзидан олинган бўлиб, маъноси “қул”, “банда” дегани. Биз худди Аллоҳ таоло кўриб турганидек, банда бўлиб юрайлик.