Жаҳон | 09:52 / 07.06.2018
5492
2 дақиқада ўқилади

АҚШнинг Хитойдаги консулхонаси ходимлари акустик ҳужумга учради - NYT

Фото: The New York Times

Қўшма Штатларнинг Хитойдаги консулхонасида ишловчи камида икки ходим сабаби ўрнатилмаган акустик таъсир туфайли ўзини ёмон ҳис этаётгани сабабли эвакуация қилинди. Бу ҳақда The New York Times газетаси Давлат департаментига асосан хабар бермоқда.

Америка дипломатик миссияси ходимларидан бири сўнгги вақтларда «ғалати» товуш таъсири ва акустик босимни ҳис қилаётгани ҳақида айтган. АҚШ ўз ходимларини кўрикдан ўтказиш учун шифокорларни жўнатди, шунингдек, дипломатнинг бундай ҳолатига нима сабаб бўлиши мумкинлигини аниқлаш мақсадида Хитой расмийларига мурожаат қилди. Хитойдагилар акустик ҳужумга алоқадор ҳеч қандай нарсани аниқлашмагани ҳақида маълумот беришган.

Газета маълумотига кўра, ҳозирги вақтда америкалик тиббиёт ходимлари консулхона ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини кўрикдан ўтказишмоқда. Нашр акустик таъсирга учраган одамлар аниқ сонини келтирмаган, бироқ, газета манбаларининг таъкидлашича, ҳозирги вақтда эвакуация давом эттирилмоқда.

Эвакуация қилинган ходимлардан бирининг маълум қилишича, ўзида ва рафиқаси ҳамда фарзандларида бир неча ой давомида «неврологик симптомлар» кузатилган. Шунингдек, унинг айтишича, ўз хонадонида «ноодатий товушларни» эшитган.

Нашр маълумотларига кўра, товушларни нафақат консулхона биносида, балки унинг ёнида жойлашган иккита турар-жой мажмуасида ҳам эшитиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой АҚШга 70 млрд долларлик ўзига хос «битим» таклиф қилганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид