Ким нима деса десин-у, лекин қишлоқ, маҳалла ва кўчаларни номлашга жуда хафсала қиладиган халқмиз. Буни барибир яхшиликка йўйиш керак. Маҳалла ва кўчаларимизга берилган -  “Обод”, “Гулзор”, “Миришкор”, “Келажак” каби номлар остида эзгу ният, тилак ётади.

Андижон вилояти, Андижон туманидан келган мурожаат ортидан аҳоли вакиллари билан учрашиш учун арз тушган жойнинг ўзига бордик.

Муаммолари бор маҳалла ва кўчанинг номи жуда гўзал экан. “Бахт” маҳалласи, “Шодлик” кўчаси. 

Бироқ туман марказидан 2 километр узоқликда,  чиройли атамали маҳалладаги шароит номига ҳеч мос тушмабди. Рўзғорда энг кўп ишлатиладиган нарса – сув.  Маҳалла аҳли неча йиллардан бери тоза ичимлик сувисиз ҳаёт кечирмоқда. Фуқароларнинг билдиришича, бундан олти йил олдин кўчалар кавланиб, сув қувурлари ётқизилган. Кўча этагида сув тортиш ва тақсимлаш иншооти ҳам барпо қилинган экан. Атрофи сим тўр билан ўралган жой, ҳозир қаровсиз, ишламай ўт босиб ётибди. Ўша пайтда кўчага сув қувурлари тортилиб бўлгач, синовдан ўтказишганида баъзи жойлардан сув чиқиб кетган экан. Қазиш ва қувур ўрнатиш ишларини олиб борган ташкилот вакиллари “Ҳеч нарса эмас, ямаймиз, сув чиқарамиз”, деб ваъда бергач, шу бўйи қайтиб келмабди. Бир сўз билан айтганда, иш ўша пайтда маълум бир суммадаги маблағ сарфланиб, амалга оширилган. Бироқ охирига етказилмаган.

Хонадонлар эса уйларидан қудуқ кавлаб олишган. Андижонда бундай қўлбола сув олиш ускунасини - “качалка” дейишади.

“Кўчамизда 200 дан ортиқ оила истиқомат қилади. Тоза ичимлик суви бўлмагач, рўзғорга 8-12 метрдан чиқадиган сизот сувларни “качалка” орқали чиқариб фойдаланяпмиз. Инсон соғлиғига зарарли сувдан қачонгача фойдаланамиз, билмайман? Табиий газ икки йил олдин узилган. Мана, аҳоли қишга таппи тайёрлаяпти. Электрдан ҳам муаммолар етарли. Трансформаторимиз 160 киловаттли, эскириб кетган. Қиши билан кучланишни кўтара олмай безор қилади”, - дейди маҳалла оқсоқоли Усубжон ота Қўчқаров.