Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан «Меценатлик фаолияти ва маданий ҳомийлик тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Айни вақтда ҳужжат ҚҲТБТ порталида муҳокама қилинмоқда.

Norma’нинг ёзишича, ҳужжат қабул қилиниши билан меценатлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқий мақоми, меценатлик фаолияти ва маданий ҳомийликни амалга ошириш тартиб-таомиллари белгиланади. Лойиҳада меценатлик фаолиятида меценатлик мадади шаклини танлаш ва уни амалга оширишда эркинликни чеклаш тақиқланиши назарда тутилади.
 
Шартнома асосида

Меценатлик фаолияти меценат ва бенефициар ўртасидаги шартномага кўра амалга оширилади. Шартнома ёзма шаклда расмийлаштирилади, жисмоний шахслар томонидан эквиваленти 1000 АҚШ долларигача бўлган суммада меценатлик мадади кўрсатиш ҳолатлари бундан мустасно. Меценат ва меценатлик мададини олувчи ўртасидаги шартномада меценатлик фаолиятининг мақсади, йўналиши, шакли, шартлари ва мазмуни белгиланади.
 
Меценатлик фаолиятига чеклов

Қонунда қуйидаги ҳолатларда меценатлик мададини кўрсатиш режалаштирилмоқда:

• бенефициар фаолияти унинг устав ҳужжатларига мувофиқ сони чекланмаган шахслар ва шахслар гуруҳига татбиқ этилганда;
• бенефициар раҳбарияти меценатлик фаолияти доирасида олинган меценатлик мадади таркибидан ўз иш ҳақини шакллантирмайдиган, шунингдек у билан боғлиқ бирор-бир мулкий ёки фойдаланиш имтиёзларини олмайдиган ҳолларда;
• меценатлик фаолияти доирасида бенефициарга кўрсатилган мадад бенефициарларнинг беллашиш қобилиятларини ошириш учун фойдаланилмаслиги керак.
 
Фото – маблағларнинг мақсадли сарфланиши тасдиғи

Ҳужжат қабул қилинган тақдирда бенефициарлар бир ойда камида бир марта ОАВ ёки ўз веб-сайтларида олинган меценатлик мадади ҳақидаги ҳисоботни эълон қилишлари шарт бўлади. Эълонда меценатлик мадади олинишидан олдинги ҳолат, шунингдек ундан фойдаланилгандан кейинги ҳолат сурати ва/ёки видеотасвири кўрсатилган ҳолда, олинган меценатлик мададининг қиймати, ундан фойдаланиш шартлари ва натижалари келтирилади.