Ўзбекистон | 18:37 / 12.06.2018
12637
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда ШҲТ Туризм университети иш бошлайди

Фото: AP

Хитойдаги саммит якунларига кўра, ШҲТга аъзо мамлакатлар умумий туристик майдонни яратиш, ўзаро сайёҳлар оқимини ошириш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва хизматлар тақдим этиш сифатини оширишни мақсад қилгани аён бўлди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг фикрича, мазкур йўналишни ривожлантиришнинг истиқболли жиҳозларидан бири гуманитар ҳамкорлик, мутахассисларни тайёрлашда таълим ва илмий салоҳиятни бирлаштирувчи янги таълим лойиҳаси - Самарқанд ШҲТ Туризм университетини яратиш бўлиши мумкин. 

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасидан маълум қилинишича, университетнинг асосий вазифаси ШҲТга аъзо мамлакатларнинг туризмни ривожлантириш ва туристик алмашинувини фаоллаштириш йўлида устувор аҳамиятга эга бўлган мутахассисликлар бўйича мувофиқлаштирилган инновацион таълим дастурлари асосида юқори малакали кадрлар тайёрлашдан иборат бўлади. 

Шунингдек ҳамкорликни мустаҳкамлаш, таълим соҳасидаги интеграцион жараёнларни ривожлантириш, барча фаолият йўналишлари бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, талабгор мутахассисларга эга бўлиш имконини тақдим этиш университетнинг асосий вазифаларига киради. 

Бундан ташқари, университет фаолиятида ҳамкор-ОТМларнинг иштироки давлатлараро ҳар томонлама, савдо-иқтисодий, илмий-техник, таълимий ва маданий ҳамкорлик алоқаларига янгича нафас бағишлайди. 

Университет фаолияти қуйидаги тамойилларга асосланади: консолидация, синхронизация, мулоқот, ўзаро ҳурмат, хилма-хилликни тан олиш, таълим орқали ишончга эришиш.

Таъкидлаш жоизки, ШҲТ Туризм университети туристик соҳада юқори малакали кадрлар тайёрловчи минтақа университетлари ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳақиқий ўсиш нуқтасига айланади.

Янги ОТМ очилиши 2018-2019 ўқув йилига мўлжалланган, ўқиш икки босқичда - бакалавр ва магистр бўйича кечади. Дастлаб университетда асосан Ўзбекистон фуқароларидан иборат 100 киши таълим олади, келгусида эса география кенгайтирилиб, ШҲТга аъзо мамлакатлардан ҳам абитуриентлар қабул қилинади. 

Шунингдек университетда ОТМ ва профессионал коллежлар ишчиларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ягона майдон ташкил этилиши қайд этилган. 

Мавзуга оид