Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманидаги «Dorkomplektsnab Plus» масъулияти чекланган жамиятига (директори Абубакр Бердиев) тегишли юк ташув автомашиналардан иккитаси Пахтачи туман ЙҲХБ бошлиғи, майор Зокир Турдиев томонидан шахсан жарима майдончасига киритиб қўйилганлиги сабабли корхонанинг иши тўхтаб тургани ҳақида мурожаат таҳририятимизга келиб тушгач, KUN.UZ воқеа жойида бўлиб, вазият билан яқиндан танишди.

«Dorkomplektsnab Plus» МЧЖ гранит тошлардан турли ўлчамдаги сифатли шағал маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона бўлиб, унинг маҳсулотларини, асосан, «Ўзбекистон темир йўллар» АЖ харид қилади. Шунингдек, 150 га яқин ишчи меҳнат қилаётган корхона ишлаб чиқараётган ювилган, сифатли шағаллар Навоийдаги янги ИЭС қурилишига ҳам жўнатилмоқда.

Айни пайтда Пахтачи туманида ғалла ўрими қизғин паллага кирган. 6 июнь куни кеч соат 17:00 лар атрофида «Dorkomplektsnab Plus» МЧЖнинг карьердан гранит тошларини олиб келиб майдаловчи бункерга тўкиб кетаётган «Камаз» русумли юк ташувчи, зирҳланган автомашиналаридан иккитасини Пахтачи туман ЙҲХБ раҳбари З.Турдиев шахсан тўхтатади ва ҳужжатларидан бири (техпаспорти) йўқлиги учун жарима майдончасига олиб боришни буюради.

Автомашина ҳайдовчиларининг бизга маълум қилишларича, уларнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси ва талони бўлган, фақат смена топширилаётган чоғда техпаспорт гараж мудири қўлида расмийлаштириш учун қолдирилган. Гараж мудири хонаси воқеа жойидан 500 метр нарида бўлишига, техпаспортни олиб келиб, ЙПХ ходимларига кўрсатганига қарамасдан машиналар жарима майдончасига олиб кетилган.

Бу воқеа машиналар аҳоли пунктида эмас, қўриқланадиган объект ҳудудида ҳаракат қилиб турган чоғда юз берганига алоҳида эътибор беришингизни истар эдик.

Абубакр Бердиевнинг таъкидлашича, корхонага тегишли ва ўша атрофдаги юк ташувчи автомашиналарни ғалла ташиш учун мажбурий жалб қилиш мақсадида ташриф буюрган туман ЙҲХБ бошлиғи рад жавобини олгач, мана шундай йўл тутишга қарор қилган.