Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг «Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, ЙПХ ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари қонунийлик, одиллик, тенглик, айб учун жавобгарликнинг муқаррарлиги, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда ушбу ҳуқуқларни, эркинликларни ва қонуний манфаатларни ҳурмат қилиш принципларига асосланади.

ЙПХ ходими томонидан транспорт воситалари қуйидаги асосларга кўра тўхтатилиши мумкин:

ҳайдовчи томонидан йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши визуал кузатувда аниқланганда ёки махсус мослама ёрдамида қайд қилинганда;

транспорт воситаси қидирувда эканлиги, ҳайдовчи ёки йўловчиларнинг йўл транспорт ҳодисаси ва бошқа ҳуқуқбузарликка алоқадор эканлиги тўғрисида маълумотлар мавжуд бўлганда;

йўл транспорт ҳодисаси, ҳуқуқбузарлик содир этилганини кўрган ҳайдовчи ёки йўловчилардан ҳодиса тафсилотига ойдинлик киритиш зарурияти юзага келганда;

ваколатли давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ҳаракатни чеклаш ёки тақиқлаш бўйича кўрсатмаларини бажариш жараёнида;

йўл ҳаракати қатнашчилари ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг ходимларига ёрдам кўрсатиш зарурияти юзага келганда;

транспорт воситасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланиш зарурияти юзага келганда (чет давлатларнинг дипломатик, консуллик ваколатхоналарига ва бошқа ваколатхоналарига, халқаро ташкилотларга тегишли бўлган транспорт воситалари ҳамда махсус мўлжалланган транспорт воситалари бундан мустасно);

махсус тадбирларни ўтказиш жараёнида;

фойдаланиш ва бошқариш ҳуқуқини берувчи, шунингдек транспорт воситаси ва олиб кетилаётган юк ҳужжатлари мавжудлигини текшириш зарурияти юзага келганда (махсус ва ҳарбий юклар, божхона расмийлаштирувидан ўтказилиб, божхона хизмат томонидан пломбаланган юклар бундан мустасно).