2018 йилнинг 5 апрелида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасининг Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги қонунни имзолади.

Миллий хавфсизлик хизматини (МХХ) ислоҳ қилиш доирасида идоранинг номи Давлат хавфсизлик хизматига (ДХХ) ўзгартирилди. Мазкур хизматнинг ислоҳ қилиниши ҳақида илк бор президент 2017 йил якунлари бўйича мамлакат парламентига мурожаатномасида айтиб ўтган эди. 2017–2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси умумий концепциясида бу режали ва оқилона қадам сифатида тилга олинган: «МХХни ислоҳ қилиш фурсати етиб келди…». Бу гаплар билан давлатимиз раҳбари қонуннинг қабул қилиниши зарурияти ва фурсат етиб келганини таъкидлаган эди.

Биз ҳужжатни таҳлил қилиб, бунга сабабларни тушунишга ва хулосалар чиқаришга қарор қилдик.

Тарихдан бир шингил

Шу фактни қайд этиш жоизки, СССР даврида Давлат хавфсизлик хизмати катта роль ўйнаган ва улкан ваколатларга эга бўлган. СССРда ДХҚ (КГБ) 1954 йилнинг 13 мартида СССР Министрлар кенгаши қошида тузилган эди. ДХҚ таркибида тузилманинг бош бошқармаси билан биргаликда 21 бошқарма мавжуд эди ва бутун мамлакат бўйлаб ДХҚнинг «биринчи бўлими» фаолият кўрсатиб, у корхона ва муассасаларда иш олиб борган: жамоатчилик кайфияти устидан назоратни вужудга келтирган. Халқ ўртасида ДХҚ «қилич ва қалқон» ташкилоти дейилар, бунга идоранинг рамзи асос бўлган эди. Кўпинча ташкилот ишида «қалқон» эмас, «қилич» принципи ишга солиниши ҳақида гап-сўзлар юрарди, бу ҳолда тузилманинг кучишлатар услублари ва тотал ижтимоий назоратни қўллашига шаъма қилишарди. ДХҚ ҳамма иш билан шуғулланарди — биринчи шахсни қўриқлашдан тортиб, разведкагача.

Ўтган асрнинг 60-йилларида ДХҚнинг аҳамияти янада ошди, чунки 1967 йилда унга Юрий Андропов раҳбар этиб тайинланди. 1978 йилда ДХҚнинг бешинчи бўлими сиёсий қатағонларни қўллай бошлади. Ҳаттоки Юрий Андроповнинг КПСС МҚга ишга ўтганидан сўнг ҳам у энг асосий лавозимларга ўзига садоқатли инсонларни қўя бошлади. 70-80-йилларда халқ ДХҚни «контора» деб атай бошлади, бунда тузилма раҳбарияти партияга оидлигига ишора қилинди. ДХҚ ўз «юзи»ни йўқота бошлади. 80-йиллар сўнгида уни қайта жонлантиришга уриниш бўлди, ДХҚ тузилмалари республика ҳокимияти органлари тасарруфига ўтди, бироқ СССР инқирозга учраб, парчалангач — 1991 йилда қўмита тарқатиб юборилди.

Совет иттифоқи таназзулга учрагач, республика манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида 1991 йилнинг 25 августида Ўзбекистон ССР президенти фармони билан Давлат хавфсизлик қўмитаси (ДХҚ) республика юрисдикциясига олиниб, партиядан ажратилди. 1991 йилнинг 26 сентябрида Ўзбекистон ССР ДХҚси Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматига айлантирилди. Идорага генерал-лейтенант Ғулом Алиев раҳбар этиб тайинланди.