Ўзбекистон | 12:33 / 28.06.2018
35197
2 дақиқада ўқилади

Сенат раиси Андижонда ўқитувчи йўлига сунъий тўсиқ қўйган амалдор ҳақида айтиб берди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Сенати раиси Ниғматулла Йўлдошев "ижтимоий соҳалар, жумладан таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларида айрим муаммолар сурункали тус олганлигини" қатъий таъкидлаб, бу ҳақда Сенатнинг XV ялпи мажлисида фикр билдирди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, сенаторларнинг жойларда муаммоларни ўрганиши давомида аниқланган ва республика даражасида ҳал этиладиган масалалар бўйича, Вазирлар Маҳкамасига киритилган таклиф ва тавсиялар асосида, Ҳукумат даражасида 10дан ортиқ “Йўл харита”лари ишлаб чиқилгани билдирилди.

"Бироқ, такрор бўлсада, қайд этиш ўринлики, ўрганишлар таҳлили ижтимоий соҳалар, жумладан таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларида айрим муаммолар сурункали тус олганлигини кўрсатмоқда", дейди Сенат раиси. "Ўрганилган барча туманлардаги мактабларда ўқитувчилар, айниқса, рус тилида таълим берувчи педагоглар, шунингдек, математика, информатика, физика, кимё, биология, география, ҳуқуқ ва бошқа муҳим фанлардан ўқитувчилар, деярли барча туманларда 150-200 нафардан тор доирадаги тиббий мутахассислар ва умумий амалиёт шифокорлари етишмайди.

Бугунги кунда умумтаълим мактабларида амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига зид равишда 66.600 нафардан зиёд ўрта махсус маълумотга эга ўқитувчилар дарс бериб келмоқда.

Халқ таълими бошқармалари эса айрим ҳолларда олий маълумот олиш истагида бўлган ўқитувчилар йўлига сунъий тўсиқларни қўймоқда.

Биргина мисол: Шаҳрихон туманида яшовчи фуқаро Ахунова Андижон давлат университети махсус сиртқи бўлимига асоссиз равишда қабул қилинмаганидан норози бўлиб, Сенатга мурожаат қилган. Ўрганишлар шуни кўрсатдики, вилоят халқ таълими бошқармаси Ахунова тўғрисида университетга нотўғри маълумотларни атайин тақдим этган. Оқибатда у ўқишга қабул қилинмаган. Сенат қўмитаси аралашуви билан фуқаронинг ҳуқуқлари тикланиб, у ўқишга қабул қилинди.

Вилоят халқ таълими бошқармаси масъул ходимларига нисбатан эса, тегишли таъсир чоралари қўлланди", дея қайд этди Йўлдошев.

Мавзуга оид