Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда юқори малакали олий маълумотли кадрларни тайёрлашни ташкил этиш, мамлакат мактабгача таълим муассасаларида кўп йиллар давомида олий маълумотли педагог ва тарбиячиларнинг етишмовчилигини тўлдириш, инновацион ва халқаро таълим муҳитини шакллантириш, ривожланган хорижий мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасалари билан узоқ муддатли самарали муносабатларни янада ривожлантириш мақсадида “Тошкент шаҳрида Пучон университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади. KUN.UZ мухбири ҳукуматдаги манбасига асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

Ушбу қарор билан Ўзбекистоннинг мактабгача таълим тизимини янада ривожлантиришнинг қуйидаги устувор вазифалари белгиланди:

  • мактабгача таълимни ривожлантиришга, мактаб ёшидаги болаларни ҳар томонлама камол топтиришга ва уларни маънавий-ахлоқий, баркамол ва интеллектуал авлод этиб тарбиялашга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;
  • ўқув-тарбия жараёнига таълимнинг замонавий илғор шаклларини, янги педагогик ва ахборот технологияларини, таълимнинг самарали шакллари ва усулларини жорий этиш;
  • мактабгача таълим муассасалари фаолиятини самарали ташкил этиш, болаларнинг онги ва қалбида мустақилликни, инсонпарварлик, миллий ўзликни англаш анъаналарига содиқликни мустаҳкамлаш, ёт “оммавий маданият” ғояларига нисбатан иммунитетни мустаҳкамлаш борасида тадбирлар ўтказиш йўли билан болаларни умуминсоний қадриятлар, юксак маънавият ва гуманизм руҳида тарбиялаш;  
  • мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва улар фаолияти самарадорлигини ошириш;
  • янги педагогик ва ахборот технологияларини, илғор хорижий тажрибани қўллаган ҳолда педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимининг самарали фаолиятини ташкил этиш, таълим муассасаларини замонавий билимларни эгаллаб олган юқори малакали кадрлар билан таъминлаш;
  • янги педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда мазмуни ва сифати бўйича замонавий талабларга жавоб берадиган янги авлод ўқув ва ўқув-методик адабиётларни яратиш ва нашр этишни ташкил этиш;
  • мактабгача таълим муассасалари томонидан давлат талаблари бажарилишининг тизимли мониторингини олиб бориш;
  • халқаро алоқаларни кенгайтириш ва мустахкамлаш, конференциялар, кўргазмалар ва тадбирлар ўтказиш орқали  мактабгача таълим соҳасида Ватан ютуқларини халқаро даражада кенг ёритиш, мактабгача таълим тизимига хорижий инвестицияларни жалб этиш;