Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази вакилларининг Малайзия давлатига бўлган илмий сафари доирасида Ўзбекистондан етишиб чиққан кўплаб алломаларнинг илмий меросига оид нодир қўлёзма асарлар Малайзиянинг олийгоҳларидаги қўлёзма фондлари, тадқиқот марказлари, музей ва кутубхоналарида сақланиб келинаётганлиги аниқланди. Бу ҳақда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази Матбуот хизмати хабар бермоқда.   

Жумладан, Малайзия ислом маданияти музейида ислом маданияти ва тарихига оид 15 мингдан зиёд диний-тарихий экспонат мавжуд. Музейда 3000 дан ортиқ китоб бўлиб, улардан 1000 га яқини қўлёзмалардан иборат. Сақланаётган ноёб экспонатлар ичида Бухоро хаттотлик санъатига оид XVI-XVIII асрга тегишли бўлган 3 дона Қуръони каримнинг қўлёзма нусхалари ва XIV асрга тегишли Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” номли ва жанубий Африкадан келтирилган XVIII асрга тегишли “Саҳиҳ ал-Бухорий”, “Мунтажоб мин Саҳиҳ ал-Бухорий” номли ва унинг шарҳи “Фатҳ ал-Борий фи шарҳи Саҳиҳ ал-Бухорий” ҳамда 4 нусха Самарқанд ва Бухоро хаттотлик санъатига доир “Далоил ал-хайрот” номли тарихий қўлёзма асарлар сақланмоқда. Бундан ташқари, музейнинг марказ қисмида Ўзбекистондаги тарихий обидалардан Имом Бухорий масжиди (олдинги ҳолати) ва Гўри Амир мажмуаси, Бухородаги Масжиди Калон мажмуаси, Бибихоним масжидларининг макетлари ислом тарихий обидалари бўлимидан жой олган. Музей масъуллари билан мавжуд қўлёзмаларни тадқиқ қилишга ва улардан нусха олиш каби келгуси ишларда илмий-амалий ҳамкорлик қилишга келишилди.

Малайзия миллий кутубхонасида 5 мингдан ортиқ қўлёзма мавжуд бўлиб, ундан 200 га яқин араб ва форс тилидаги қўлёзмалар борлиги ҳамда улар ичида “Саҳиҳ ал-Бухорий”, “Матни Самарқандий” ва Нақшбандия тариқатига оид 2 та қўлёзма борлиги маълум бўлди.

1-китоб: Кутубхонанинг қўлёзмалар бўлимида 253 саҳифадан иборат “Саҳиҳ ал-Бухорий”нинг иккинчи жузъи “Китаб вужуб аз-закот”дан бошланган қўлёзма №-mss/2246 рақам остида сақланмоқда. Мазкур қўлёзманинг охирги саҳифасида “Қод тамма ал-жузъус-саний мин Саҳиҳ ал-Бухорий алайҳи раҳмат ал-Борий” матнидан сўнг “1110 ҳижрий йил шаъбон ойининг 14-куни, муборак якшанба куни кўчириш ўз ниҳоясига етди” – деб ёзилган матн асар хаттоти томонидан қайд этилган. Қўлёзманинг нодирлиги унда ҳар хил нақш ва безаклар ҳамда ҳар хил рангдан фойдаланилган.