Ўзбекистон | 01:01 / 11.07.2018
10397
2 дақиқада ўқилади

Сайёҳлар оқимининг кўпайиши хусусий туристик компанияларга янги имкониятлар бермоқда

Ўзбекистонда фаолият юритувчи Termez Tourism Travel хусусий компанияси сайёҳлар учун замонавий ва қулай Mercedes русумидаги микроавтобусларни харид қилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда Япония ва Жанубий Корея каби ривожланган давлатлардан келувчи сайёҳлар оқими кескин кўпаймоқда ва бу биринчи марта шундай тоифадаги туристик транспорт воситаларининг харид қилишга имкон яратди. 

KUN.UZ манбасининг хабар беришича, ҳозирча бундай русумдаги 3 микроавтобус харид қилинган бўлса, яна 9 та шундай транспорт воситаси жорий йилнинг сентябрь ойигача келиши кутилмоқда. Айни дамда яна 4 та Mercedes микроавтобуси харидига доир шартнома тузилмоқда. 2018 йил охирига қадар жами 16 та замонавий Mercedes микроавтобуси харид қилиниб, сайёҳлар учун хизмат қилади. 

Бундан ташқари, Мўйноқдаги туристик фирма ҳам берилган имтиёзлардан фойдаланиб, сайёҳлар учун замонавий жип автомобилларини харид қилди. Бу эса Орол бўйида саёҳат қилишга қизиққанлар учун ўзига хос қулайликдир. 

Афсонавий Орол бўйидаги Mo'ynoq Tour компаниясига тегишли дам олиш масканида сайёҳлар учун қатор ўтовлар қурилган. Дам олиш маскани замонавий қайиқлар, квадроцикллар каби техникалар билан таъминланган. Энди уларнинг қатори замонавий жип автомобиллари билан ҳам бойитилди. 

Ҳар бир туристик компания шу тариқа берилган имтиёзлардан фойдаланиб, ўз хизматлари, туристик маҳсулотлари кўламини кенгайтиришга ва сифатини оширишга ҳаракат қилса ҳамда бунинг уддасидан чиқса, Ўзбекистоннинг хорижий сайёҳлар олдидаги нуфузи янада ошиши шубҳасиз. 

Мавзуга оид