Жаҳон | 18:20 / 22.07.2018
103568
2 дақиқада ўқилади

Дўстум Кобулга қайтиши биланоқ унга суиқасд қилинди

Фото: Rahmat Gul/AP

Афғонистон вице-президенти Абдулрашид Дўстум мамлакат пойтахти Кобулга қайтиши биланоқ аэропортда портлаш содир бўлди. Бу ҳақда полицияга асосланган ҳолда Tolo News хабар тарқатди.

AFP хабарига кўра, аэропорт дарвозаси олдида, Дўстум тарафдорлари йиғилиб турган ҳудудда, вице-президент конвойи йўлга тушганида худкуш террорчи ўзини портлатган.

Афғонистон ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар сони камида 10 нафарни ташкил этади. Сиёсатчининг ўзи портлашдан жабрланмагани айтилмоқда.

Дўстум 2017 йили ўз сиёсий рақибларини ўғирлаш ва қийноққа тутишда гумон қилингач, мамлакатдан чиқиб кетганди. Дўстумни ўз сиёсий рақиби Аҳмад Ишчини 2016 йили мамлакат шимолидаги Жузжонда ўғирлаб кетиб, 5 кун асирликда сақлаш ва қийноқларга солишда айблашган. Унга нисбатан расмий айблов илгари сурилмаган, аммо текширувлар бошлангач, Дўстум суд таъқибидан қочиб, Туркияга кетганди. Ўшанда Дўстумнинг вакили Башир Аҳмаж Таҳянж вице-президент «тиббий кўрикдан ўтиш ва қариндошлари билан учрашиш» учун Туркияга йўл олганини маълум қилганди.

Дўстум 2008 йилда ҳам бошқа бир сиёсий рақибига зўравонлик қилишда айбланган. Ўшанда у суиқасд ташкиллаштиришда гумон қилинган. Ўшанда ҳам Дўстум вақтинчаликка Туркияга кетишга мажбур бўлганди. Кейинроқ у Афғонистоннинг собиқ президенти Ҳамид Карзай талаби билан мамлакатга қайтганди.

Мавзуга оид