Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Миллий умумтаълим электрон кутубхона” лойиҳасини амалга ошириш ва республикамизда электрон ахборот-кутубхона тизимини ривожлантириш истиқболлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлар ахборот-кутубхона марказлари ходимлари иштирок этдилар. Унда мутахассислар учун яқинда Жанубий Корея Республикасида шу соҳа бўйича малака ошириб қайтган кутубхоначилар ҳамда хорижлик мутахассислар электрон турдаги ахборот-кутубхона ресурсларини кўпайтириш ва улардан интернет тармоғи орқали фойдаланиш бўйича зарур тавсияларини бердилар.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Л.Тангриев сўзга чиқар экан, миллий умумтаълим электрон кутубхона лойиҳасини амалга оширишдан кўзланган асосий мақсад ахборот-кутубхона тизимини янада ривожлантириш, аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш сифатини юксалтириш эканини алоҳида қайд этди. “Жанубий Корея тажрибаси асосида ташкил этилаётган миллий электрон кутубхона мамлакатимизда илм-фанни ривожлантиришда олимларга уларнинг тадқиқотлар олиб боришида энг яқин ёрдамчи бўлиши зарур. Айниқса, улар учун ташкил этиладиган махсус бўлим дунёдаги етакчи илмий кутубхоналар билан тўғридан-тўғри боғланиш, зарур манбалардан тўсиқсиз фойдаланиш имконини бериш керак” деб таъкидлади.


Шунингдек давра суҳбатида ўз маърузаси билан Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директор ўринбосари У.Тешабаева сўзга чиқар экан, у “Миллий умумтаълим электрон кутубхона” лойиҳасини техник жиҳатдан таъминлаш ишлари Корея Республикасининг LG CNS компаниясига топширилганлиги, лойиҳа доирасида Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Рақамлаштириш ва сканерлаш”, “Мультимедиа” марказлари ташкил этилаётганлиги, бугунги кунда зарур техник жиҳозларни олиб келиш ва жойлаштириш билан боғлиқ ишлар ўз якунига етаётганлиги ҳақида гапириб ўтди.












