Жаҳон | 13:17 / 01.08.2018
27550
3 дақиқада ўқилади

Кутилмаган бурилиш — АҚШ вице-президенти Россиянинг сайловларга аралашуви ҳақида баёнот берди

31 июль куни Нью-Йоркда АҚШнинг юқори мартабали мулозимлари иштирокида Миллий киберхавфсизлик саммити ўтказилди.

Унда қатнашган вице-президент Майк Пенс ҳамда ички хавфсизлик вазири Кирстен Нельсен хоним Россиянинг АҚШ сайловларида қатнашгани ҳақида баёнот беришди.

Қайсидир маънода бу баёнотни кутилмаган чиқиш дейиш мумкин, чунки ҳар икки мулозим Дональд Трампнинг тарафдорлари сифатида эътироф этилади.

Хусусан, айнан Трамп Нельсен хоним номзодини АҚШнинг энг муҳим вазирликларидан бўлган ички хавфсизлик вазирлигига раҳбар сифатида тавсия қилганди. Вице-президент Майк Пенс эса доим Трампнинг ҳимоя қилиб келади. Масалан, Хелсинкида ўтган саммитдаги Трампнинг мамлакат аҳолиси томонидан «шармандали» деб баҳо берилган чиқишидан кейин Пенс президентни қўллашга ўзида куч топа олганди.

«Бу руслар эди», деб сўзини бошлади Нельсен хоним АҚШда ўтган 2016 йилдаги президентлик сайловларига четдан аралашув бўлгани ҳақида гапира туриб. «Сайловларимизга бўлган ҳар қандай аралашувни демократиямизга таҳдид деб биламиз. Биз бунга жим қараб тура олмаймиз»,- дея ички хавфсизлик вазиридан иқтибос келтиради Bloomberg.

Одатда кескин чиқишлардан тийиладиган ва оғир босиқ ҳисобланган жаноб Пенс ҳам бу борада Россиянинг аралашуви инкор қилиб бўлмайдиган факт эканини таъкидлади: «Бизнинг 2016 йилдаги сайловларимизда Россиянинг аралашуви инкор этиб бўлмайдиган факт. Бу бизнинг разведка тақдим этган ишончли маълумот»,- дейди Пенс.

Хелсинкида ўтган саммитда Трампдан Россиянинг АҚШдаги сайловларга аралашгани борасида нимага ўз разведкасига эмас, Путиннинг сўзларига ишонаётгани ҳақида сўрашганда у «Путиннинг далиллари ишончлироқ» деб жавоб берганди.

АҚШ президентининг мамлакатнинг энг муҳим ташкилоти ҳисобланган разведкага бутун дунёнинг кўз ўнгига ишончсизлик билдиргани кўпчилик сиёсатчиларнинг, хусусан Трампнинг тарафдорлари бўлган инсонларнинг ҳам ғазабини қўзғатганди. Масалан, Трампни сайловларда қўллаб-қувватлаган Арнольд Шварценеггер президентни «Ватанни сотганликда» айблаганди.

Мавзуга оид