Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. 

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси ташкил этилиши белгилаб қўйилди. Қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

республика соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш стратегиясини, илғор халқаро стандартлар ва жаҳондаги энг яхши амалиётни ҳисобга олган ҳолда соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

замонавий клиник қўлланмалар ва протоколлар, диагностика ва даволаш сифатига оид стандартлар, шунингдек, моддий-техник жиҳозлаш стандартларини ишлаб чиқишни ташкил этиш, уларнинг ўз вақтида жорий этилишини мониторинг қилиш;

зарур статистик ахборот билан таъминлаш мақсадида тиббиёт статистикасини тўплаш ва таҳлил қилиш тизимини такомиллаштириш ва рақамлаштириш, шунингдек, статистик кўрсаткичларни манипуляция қилиш имкониятини истисно этадиган халқаро стандартлар ва методикаларни жорий этиш;

республика шифокорлари ва провизорларини рўйхатга олиш тизимини жорий этиш, шунингдек, умумий фойдаланиш учун очиқ бўлган ягона электрон маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш;

халқаро стандартларга жавоб берадиган соғлиқни сақлаш инфратузилмасини яратишга, шу жумладан, тиббиёт ва фармацевтика ташкилотларини замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш учун молиявий маблағлар жалб этишга, шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасида янги ташкилотлар ташкил қилишга кўмаклашиш;

тиббиёт ходимларининг обрўсини, ушбу касб нуфузи ва мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимига бўлган ишончни ошириш, тиббиёт ходимларига одоб-ахлоқ қоидаларини сингдириш, коррупция кўринишларига барҳам бериш ва уларнинг олдини олиш, шунингдек, уларнинг касбий фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш чораларини кўриш;

тиббиёт ходимлари касбий малака даражаси, шунингдек, уларнинг кўникмалари замонавий талаблар ва жаҳоннинг энг яхши амалиётига мувофиқлиги устидан, шу жумладан, улар фаолиятини якка тартибда лицензиялашни жорий этиш орқали таъсирчан мониторинг тизимини йўлга қўйиш;

тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, ушбу соҳага замонавий стандартларни жорий этиш, шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасидаги юқори малакали хорижий эксперт ва мутахассисларни мамлакатга фаол жалб қилиш, мамлакатимиз мутахассислари ва экспертларининг чет элда стажировка ўташини ташкил этиш;