11:26 / 08.08.2018
170806

Дилшод Акрамовни ўлдиришда гумонланаётган шахс қамоққа олинди

Фото: Халқаро пресс-клуб

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи Дилшод Акрамовни ўлдирганликда гумонланувчи шахс эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди. Бу ҳақда Kun.uz’га Бош прокуратурадаги манба хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «ж» банди (ўта шафқатсизлик билан қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатган.

Маълум бўлишича, гумонланувчи шахс Тошкент шаҳар ИИББ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси катта инспектори Р.Абдуллаевдир. Ушбу шахс 1985 йилда туғилган, ички ишлар тизимида 2009 йилдан бери ишлаб келади.

Манбанинг билдиришича, мазкур жиноят иши юзасидан дастлабки тергов Бош прокуратура «Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш» бошқармаси томонидан олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 4 августида соат 21:10 атрофида ИИВ Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи, подполковник Дилшод Акрамовнинг мурдаси Миробод тумани, Тарас Шевченко кўчасида жойлашган ИИВга қарашли ППХ ва ЖТСББ биносининг иккинчи қаватидаги ўз хизмат хонасида қотиллик аломатлари билан топилган. Дилшод Акрамов шу йилнинг июль ойи бошида бош бошқарма бошлиғи лавозимига тайинланганди.

Дилшод Акрамов ИИВ тизимида 1996 йилдан бери ишлаб келаётганди.

 

Top