Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги «Толибон» ҳаракати делегацияси вакилларининг Тошкентга ташрифи якунлангани ҳақида маълумот берди. Ушбу делегация ҳаракат расмий ваколатхонаси жойлашган Қатардан Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилиш учун учиб келганди. Толиблар билан музокараларнинг тафсилотлари ва натижалар ошкор этилмади, аммо бу учрашувларнинг ўзини тарихий деб аташ мумкин. Охирги марта ҳаракат вакиллари Тошкентга 1999 йилда ташриф буюрганди.

«Толибон» ҳаракати вакиллари Тошкентда 4 кун бўлди. Улар Тошкентга 7 август куни келишган ва 10 август куни қайтиб кетишган. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги фақат 11 август куни хабар қилди.

«Толибон» ҳаракати делегацияси Ташқи ишлар вазирлигида қабул қилинди. Учрашувда Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнининг истиқболлари юзасидан фикр алмашилди», дейилган хабарда.

Делегацияга Доҳа шаҳрида жойлашган «Толибон» ҳаракати сиёсий идораси раҳбари Шер Муҳаммад Аббас Станикзай бошчилик қилган. Минтақа бўйича экспертларнинг фикр билдиришича, Қатардаги офис кейинги вақтларда бир неча фракцияларга бўлиниб кетган ҳаракатнинг бир қисмининггина манфаатларини ифода этади.

Қайд этиш керакки, бу йилда Ўзбекистон қўшни Афғонистондаги вазият барқарорлаши йўлида фаоллик кўрсатмоқда. Март ойида Тошкентда «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтганди. Бу конференция мамлакатнинг янги раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён ташқи сиёсатдаги энг йирик воқеа бўлганди. Аммо бу конференцияда можаронинг асосий иштирокчиларидан бири - «Толибон» ҳаракати вакиллари ҳозир бўлишмаганди. 

Халқаро конференция иштирокчилари якунда «Тошкент декларацияси»ни қабул қилиб, Афғонистон масаласини ҳал қилишда баҳамжиҳат ҳаракат қилиш зарурлигини таъкидлашганди. Томонлар ҳаракат вакилларини расмий Кобул билан тинчлик музокараларини бошлашга чақиришганди.

Кейинроқ, июнь ойида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги «Толибон» ҳаракати билан алоқа ўрнатилгани ҳақида хабар тарқатди.