Ўзбекистон | 00:20 / 15.08.2018
9033
2 дақиқада ўқилади

Бир ойда 5 мингдан зиёд хорижлик Ўзбекистонга кириш электрон визасини сўраб мурожаат қилган

Хорижий мамлакатлар фуқароларига Ўзбекистонга кириш учун бериладиган электрон виза бўйича бир ойлик кўрсаткичлар ҳақида маълумот берилди.

Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, 14 август ҳолатига кўра, дунёнинг 42 мамлакатидан 5198 киши Ўзбекистонга кириш электрон визасини сўраб мурожаат қилган. Шундан 4719 нафарига виза берилган, 479 кишининг аризаси кўриб чиқилмоқда. Рад этилиш ҳолатлари кузатилмаган.

Электрон виза кўрсаткичларига кўра, Ўзбекистонга қизиқиш билдираётган давлатлар орасида ҳамон Хитой (1 121 киши) етакчилик қилмоқда. АҚШ (640 киши) ва Буюк Британия (585 киши) фуқаролари эса иккинчи ва учинчи ўринларни қайд этишган.

15 июль кунидан бошлаб Ўзбекистонда хорижлик фуқароларга республикада туристик мақсадларда  бўлиш учун электрон кириш визаларини расмийлаштириш ишлари бошланган. Электрон виза хориж фуқаросига 30 кун муддатга Ўзбекистон ҳудудида бўлиш ҳуқуқини беради ва бу виза тақдим этилган кундан бошлаб 90 кун муддат ичида амал қилади. Берилган электрон виза хориж фуқаросининг e-visa.gov.uz порталига қилган мурожаатида кўрсатилган электрон манзилга жўнатилади.

Электрон визани расмийлаштириш учун мурожаат бериш Ўзбекистон Республикасига келиш санасидан уч иш кунидан кам бўлмаган муддатда амалга оширилади. Электрон кириш визасини олиш мурожаатини кўриб чиқиш учун консуллик йиғими ҳажми 20 АҚШ долларини ташкил этади.

Мавзуга оид