Жаҳон | 07:50 / 15.08.2018
39590
3 дақиқада ўқилади

Хитой хорижда яшовчи уйғурларни қўрқитаётгани маълум қилинди

Фото: EPA

Хитой бошқа давлатларда, шу жумладан, Америка Қўшма Штатларида яшайдиган мусулмонлар фуқароларини доимо кузатиб бормоқда. Бу ҳақда The Daily Beast ёзмоқда.

Нашр маълумотларига кўра, Хитой ҳукумати ҳозирги кунда ХХРдан ташқарида яшайдиган уйғурларнинг глобал реестрини яратмоқда. Улар фуқаролардан турли ахборот ва шахсий маълумотларни тақдим этишни талаб қилишмоқда, бунда уларнинг ватандаги яқин кишиларига босим ўтказилмоқда. Буларнинг барчаси этник озчиликларни кузатиб бориш ва қўрқитиш бўйича кенг миқёсли кампания доирасида амалга оширилмоқда, дея аниқлик киритади ресурс.

АҚШда яшовчи уйғур аёлнинг айтишича, бир неча ой олдин унга Хитойдан онаси қўнғироқ қилган ва бир нечта ҳужжатларни жўнатишни сўраган. Талаб қилинган ҳужжатлар орасида Америка банк картаси рақами, телефон рақами, шахсни тасдиқловчи ҳужжат фотоси, шунингдек, автомобиль рақами бўлган. «Унинг овозини эшитиб, расмийлар унга босим ўтказаётганини тушуниб етдим. Унинг хавфсизлиги учун мен рози бўлдим», - дея аниқлик киритди аёл. Якунда аёл фақат Хитой банк картасидан фойдаланиши ва машина бошқармаслигини айтиб, алдашга мажбур бўлган.

Яқин вақтдан бошлаб бундай талаблар Хитойдан ташқарида истиқомат қилувчи бошқа уйғурларнинг қариндошлари орқали пайдо бўла бошлади. Баъзи талабалардан университет билан шартнома нусхасини ёки илмий раҳбарнинг хатини юбориш сўралган. Нашрнинг ёзишича, кўпинча бундай ҳолат мамлакатда қолган оилага маҳаллий полициячилар ёки амалдорлар ташриф буюрганидан кейин юзага келган.

Таъкидланишича, талаблар бошқа мамлакатлар фуқаролари бўлган уйғурларга ҳам юборилмоқда. Ҳеч қандай касб учун истиснолар йўқ. «Улар бизга: «Сизни кузатяпмиз», дейишмоқда. Агар сиз чет элда бўлсангиз ҳам, бу улар сиз билан ҳеч нарса қила олмайди, дегани эмас. Чунки улар сизнинг дўстларингиз, қариндошларингизни биладилар», - дея маълум қилди Вашингтон агломерациясида яшовчи уйғурлардан бири.

Мавзуга оид