“Махсус авиация ишлари” авиакомпанияси одатий режимда ўз ишини давом эттирмоқда. Бу ҳақда Kun.uz мухбирига “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК хабар беришди.
Ўзбекистон Республикаси президенти “Тошкент шаҳрида инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича экспериментни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ҳужжат билан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК “Махсус авиация ишлари” авиакомпаниясининг Тошкент шаҳар, Сергели тумани, Райҳон кўчасида жойлашган бинолари, иншоотлари ва бошқа инфратузилмасини уларга туташ 101,64 гектар майдон билан биргаликда кейинчалик топширилаётган объектлар негизида “Индустриал парк” кичик саноат зонасини ташкил этиш шарти билан қабул қилиш ва топшириш далолатномалари асосида Тошкент шаҳар ҳокимлигига беғараз берилди.
“Махсус авиация ишлари” авиакомпанияси Тошкент халқаро аэропортига ўтади. Ёпилиш ҳақида гап бўлмаган. Компания ишини давом эттирмоқда”, - дея хабар беришди Kun.uz мухбирига миллий авиакомпаниядан.
“Махсус авиация ишлари” авиакомпанияси мустақил таркибий бўлинма сифатида 1997 йил ташкиллаштирилган. АН-2 самолётларининг йўловчи, транспорт ва қишлоқ хўжалик вариантларидаги паркига эгалик қилади. Самолёт парклари Нукус, Урганч аэропортлари ва “Сергели” аэродромида жойлашган. АН-2 самолётларидан республика қишлоқ хўжалигида дон экинларини озиқлантириш бўйича, қишлоқ хўжалик зараркунандалари ва чигиртка билан курашиш, шунингдек пахтани дефолиация қилишда авиакимё ишларини ўтказиш учун фойдаланилади. Ҳар йили ҳаводан туриб 150 минг гектаргача ишлов берилади. АН-2 самолётларидан бошқа мақсадларда ҳам фойдаланилади. 15 йилдан ортиқ янги технологиялардан фойдаланган ҳолда турли хил вазирликлар ва маҳкамаларнинг буюртмалари бўйича аэрофотосъёмка парвозлари амалга оширилади.















