Ўзбекистонлик спортчилар Осиё ўйинларининг олтинчи кунида 10та спорт тури бўйича иштирок этишди ва иккита медал қўлга киритишди.

Академик эшкак эшиш

Фото: Абдуллоҳ Файзуллаев

Шахбоз Холмурзаев яккалик баҳсларида тўртинчи бўлди.

Тўртлик баҳсларида иштирок этган спортчиларимиз (У.Давронов, Ф.Астанов, А.Муҳамадиев, Ш.Абдужабборов) финалда тўртинчи ўринни эгаллашди.

Саккизталик баҳсларда стартга чиққан спортчиларимиз (А.Яров, Д.Баҳриев, И.Мамбетназаров, Д.Хурсанов, Ш.Нажмиев, О. Раҳимов, Ш.Ҳакимов, З.Усмонов, А.Краснов)маррага иккинчи бўлиб етиб келишди ва кумуш медални қўлга киритишди.

Жиу-житсу

-69 кг вазн тоифасидаги Ҳомиджон Мўминов ва Асадулло Бозоров нимчорак финалдаёқ турнирни тарк этишди.

56 кг вазн тоифасидаги Акмал Амиров ва Достон Рўзиев эса чорак финалга чиққанди. Бу спортчилар ярим финалга йўлланма олишолмади ва бронза медал учун ўтиш ўйинларида иштирок этишди. Достон Рўзиев ўтиш ўйинида туркманистонлик Кемал Мередовга ютқазди (3:6), Амиров эса қозоғистонлик Куандик Конисов устидан соф ғалабага эришди. 

Акмал Амиров бронза медали учун бошқа бир қозоғистонлик спортчи Сайдали Нуржон билан беллашди ва ютқазди.

Пенчак силат

Пенчак Силат бўйича -65 кг вазн тоифасида иштирок этаётган Абдумалик Салимов илк жангида эронлик Муҳаммад Раҳимбалани 3:0 ҳисобида мағлуб этди ва ярим финалга йўл олди. У ярим финал жангини 26 август куни индонезиялик Пратама Иқбол Сандрага қарши ўтказади.

-55 кг вазн тоифасидаги Муниса Раббимова эса илк жангдаёқ вьетнамлик Тран Ти Темга ютқазиб, иштирокини якунлади.

Гольф

Ўзбекистонлик гольфчилар жамоаси 20 жамоа орасида 19-ўринни эгаллади. Яккалик баҳсларда ҳам Ўзбекистон вакиллари қуйи ўринларни банд этишди - Канатбек Курбаналиев - 75, Тен Роман - 78 ва Сергей Чен - 81.