Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи матни эълон қилинди. Қуйида ушбу нутқ матни тўлиқ ҳолда келтирилади.

Ассалому алайкум, қадрли ватандошлар! 

Муҳтарам меҳмонлар! 

Хонимлар ва жаноблар! 

Аввало, сиз, азизларни, сизлар орқали бутун халқимизни энг буюк, энг азиз байрамимиз – Мустақиллик куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этишга ижозат бергайсиз. 

Биз учун янги давр, эркин ва озод ҳаётни бошлаб берган шу қутлуғ санада халқимиз қандай машаққатли ва айни вақтда шарафли йўлни босиб ўтганини яна бир бор чуқур ҳис этамиз. 

Мана шундай улуғ айёмда бутун ҳаётини озодлик учун курашга бағишлаган, бу йўлда жон фидо қилган ота-боболаримиз, мард ва жасур юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирамиз. 

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асосчиси, Биринчи Президентимиз муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг барҳаёт номларини ҳурмат ва эҳтиром билан ёдга оламиз. 

Азиз дўстлар! 

Мустақиллик туфайли биз дунё ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлиб, ёруғ келажагимизни ўз қўлимиз билан бунёд этмоқдамиз. 

Истиқлол йилларида эришган ютуқларимизга таяниб, миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари дадил қадам қўймоқдамиз. 

Мамлакатимиз тараққиётини янада юксак босқичга кўтариш мақсадида Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилдик. Бу ноёб ҳужжатда белгиланган улуғвор вазифаларни рўёбга чиқаришга қатъий киришганимиз биз учун янги уфқ ва имкониятлар очиб бермоқда. 

Дунё миқёсида рақобат кескинлашиб бораётган ҳозирги мураккаб даврда мамлакатимизни илм-фан ютуқлари, юқори технологиялар асосида модернизация қилиш ва янгилаш энг муҳим вазифамизга айланмоқда. Ана шундай ўткир талабни чуқур англаган ҳолда, биз 2018 йилни юртимизда