Ўзбекистон | 10:49 / 06.09.2018
61744
2 дақиқада ўқилади

«Ўзавтосаноат» огоҳлантириш билан чиқди

Фото: KUN.UZ

«Ўзавтосаноат» АЖ автомобиль саноатида компания номи ва янги йўналишини, шунингдек виждонан фаолият юритаётган фидойи ходимларининг шаънига доғ тушираётган айрим ходимларнинг ноқонуний ҳаракатларини қоралайди. Бу ҳақда компаниянинг GM Uzbekistan сайтида эълон қилинган баёнотида айтилади.

«Ана шундай «уддабурон» кишиларнинг коррупция тизимларини фош қилиш ва тугатишни бошиданоқ уддасидан чиқяпмиз. Ушбу йўналишда компания Ўзбекистон Бош прокуратураси билан ҳамкорлик қилишини, шунингдек, қонунбузарлик ҳолатларидан бизни вақтида огоҳ қилувчи фаол ва виждонли фуқароларга миннатдорчилик билдиради», - дейилади баёнотда.

Қайд этилишича, турли важлар билан GM автомобилларини харид қилиш чоғида қўшимча пул маблағларини талаб қилиш ҳолатлари юзага келганда, зудлик билан (+99871) 141-77-77 рақамлари орқали компаниянинг янги call-марказига мурожаат қилиш сўралади. 

Шунингдек бугунги кунда ижтимоий тармоқлар орқали автомобилларини етказиш муддати кечикаётгани ҳақида ёлғон маълумотларни тарқатаётган сохта аккаунтлар ҳам кўпая бошлагани маълум қилинган. Компания сайтида кунлик равишда янгиланаётган расмий рўйхатга асосан, ана шундай одамларнинг постида бўрттирилиб кўрсатилаётган автомобиль етказилишининг аниқ муддатларини аниқлаш мумкин. 

«Ижтимоий тармоқларда шу каби постларга дуч келган тақдирингизда ушбу маълумотларга ишонмаслигингизни ва фақатгина компаниянинг расмий манбаларига мурожаат қилишингизни сўраймиз.

Компания томонидан ижтимоий тармоқларда пайдо бўлаётган сохта хабарлар синчковлик билан ўрганилмоқда. Компания обрўсига путур етказадиган бўҳтон тарқатиш билан шуғулланадиган интернет-фойдаланувчилари тўғрисидаги маълумот, тегишли ҳуқуқ-тартибот органларига етказилади.

Шунингдек дилерлик марказларининг қонун бузилиш ҳолатларини аниқлаган ва уни текширилган фактлар билан тасдиқлаган фуқаролар компания томонидан махсус бонуслар билан тақдирланади», - дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Ўзавтосаноат»нинг 2017 йилдаги соф даромади миқдори маълум бўлганди. 

Мавзуга оид