Ҳукумат қарори билан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган беғараз молиявий ёрдам;

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан тузилган лицензия битими доирасида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга юборувчи ташкилотларнинг эллик минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағларини захиралаш, бунда захираланган сумма сарфлаб юборилган тақдирда маблағларни тўлдириш, шунингдек, фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш ҳуқуқи учун лицензиянинг амал қилиши тугатилган ва бекор қилинган тақдирда, маблағларни қайтариш шарти белгилаб қўйилади;

Жамғарманинг тижорат банклари депозитларидаги вақтинча бўш маблағларини жойлаштиришдан олинадиган даромадлар; 

жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Жамғарма маблағларидан қуйидаги харажатларни молиялаштириш учун фойдаланилади:

хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида зўравонликка, мажбурий меҳнатга ва таҳқирланишга дучор бўлган, меҳнат ва бошқа ҳуқуқлари бузилган, мураккаб молиявий аҳволга тушиб қолган ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларисиз, маблағларсиз қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда уларга моддий ёрдам кўрсатиш;

меҳнат миграциясида бўлган вақтда жароҳат олиши, бахтсиз ҳодисага учраши, оғир касалликка чалиниши туфайли тиббий ёрдам талаб этилган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига меҳнат мигранти маблағлари ёки тиббий суғурта ҳисобидан кўрсатилган тиббий хизматлар қийматини тўлаш имкони бўлмаганда тиббий хизмат кўрсатиш;

меҳнат миграциясида бўлган вақтда вафот этган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг жасадларини, шунингдек, хорижда меҳнат фаолияти вақтида майиб бўлган ёки оғир жароҳат олган фуқароларни олиб келиш;

аввал уюшган ҳолда танлаш доирасида хорижга ишга юборилган ва борган мамлакатнинг қонун ҳужжатларини бузиши натижасида чиқариб юборилган (депортация қилинган) Ўзбекистон Республикаси фуқароларини қайтариш, кейинчалик тўланган маблағларни мазкур шахслар ҳисобидан қоплаш, шунингдек, хорижий иш берувчилар томонидан ишга жойлаштириш бўйича келишилган шароитлар билан таъминланмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини қайтариш;