Ўзбекистон | 11:30 / 15.09.2018
37185
4 дақиқада ўқилади

Пора берувчиларга қарши «жанг» давом этмоқда. Тошкент вилоятида ИИБ ходимига пора таклиф қилган шахс ушланди

14 сентябрь куни Тошкент вилоятида ИИБ ходимига пул таклиф қилган фуқаро ушланди.

Маълум қилинишича, шу йилнинг 27 август куни соат тахминан 02-10ларда Наманган вилояти, Наманган шаҳрида яшовчи 1994 йилда туғилган фуқаро У.С. бошқарувида бўлган «Ласетти» русумли автомашинасида Оҳангарон шаҳри ҳудудидан ўтган «Гулистон–Бўка–Ангрен – Қўқон-Андижон-Ўш» автомобиль йўлининг 132-чақиримида йўлнинг чап тарафидан ўнг тарафига бетон тўсиғи орқали ошиб ўтаётган фуқаро, Сурхондарё вилоятида яшовчи, 1972 йилда туғилган фуқаро Н.З.ни уриб юборган. Натижада Н.З. олинган тан жароҳатлари билан ҳодиса жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан 27 август куни Оҳангарон шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан фуқаро У.С.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

14 сентябрь куни тахминан соат 08-30ларда ўзини ҳайдовчи У.С.нинг отаси деб таништирган, Наманган вилояти Наманган шаҳрида яшовчи, 1966 йилда туғилган фуқаро М.А. терговчи Х.Ф.нинг хизмат хонасига кириб, ўғли У.С.га жиноят иши бўйича енгиллик қилиши, автоуловни жарима майдончасидан чиқариш, ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этмаслик ва ўғлига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўлламаслик эвазига пора тариқасида 200 АҚШ доллари беришни таклиф қилган.

Ҳолат юзасидан ИИБ терговчиси Х.Ф. ўз раҳбарига ахборот бериб, пора таклиф қилган фуқаро М.А.га нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Шундан сўнг, шу куни Тошкент вилояти ИИБ тезкор ходимлари ҳамда Оҳангарон шаҳар прокуратураси ходимларидан иборат тезкор гуруҳ томонидан фуқаро М.А. ИИБ терговчиси Х.Ф.га 200 АҚШ долларини пора тариқасида бераётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қайд этиш керакки, сўнгги вақтларда милиция ходимлари уларга таклиф қилинган порани олмай, пора таклиф қилган одамларни тутиб бераётгани ҳақида хабарлар кўпайганди. Маълум бўлишича, пора таклиф қилган шахсларни тутиб берган орган ходимларига моддий ва маънавий рағбатлантиришлар, ҳатто лавозимлар ваъда қилинган. Хусусан, Бухорода пора беришга уринган фуқароларни ушлаб берган ЙПХ ходимлари мукофотланган.

Маълумот учун, Пора бериш жинояти (ЖК 211-модда) худди пора олиш билан бир хил жазоланади.

Жазо тайинлашда пора миқдори ҳам аҳамиятли.

Масалан, тахминан 7 минг долларгача (300 минималка) бўлган пора берган шахсга максимум 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

Тахминан 7 мингдан 12 минг долларгача (300-500 минималка) пора бермоқчи бўлганга 5 йилдан 10 йилгача берилиши мумкин.

Пора 12 минг доллардан ошса, 10 йилдан 15 йилгача «кесилиши» мумкин.

Энди бир жиҳати бор. Агар амалдорни ўзи пора сўраб товламачилик қилган бўлса ва мажбурликдан пора берган шахс 30 кун ичида ўз ихтиёри билан хабар берса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, у жавобгарликдан озод этилади.

Мавзуга оид