“Саҳар борган етар муродга”

Юмуш билан Қирғизистоннинг Ўш шаҳрига боришга тўғри келиб қолди. У тарафга йўли тушган танишлардан бориб-келиш тартиби ҳақида сўрадим. Уларнинг айтишларича, Андижон вилоятидаги “Дўстлик” чегара божхона пости орқали ўтиш унчалик ҳам кўп вақтни олмайди – “ўн беш дақиқага қолмай Ўшга ўтиб оласиз”, дейишди улар. Аммо Қорасув шаҳрида улгуржи бозор бўладиган сешанба ва шанба кунлари чегарадан ўтиш анчайин машаққатли бўлишини, тонг саҳар тўртда божхона постида бўлишим маъқуллигини, шунда бир зумда ўтишим мумкинлигини маслаҳат беришди.

Танишларнинг маслаҳатларига амал қилиб саҳар учда Андижоннинг Янгибозор ҳудуди яқинида жойлашган машиналар тураргоҳига етиб келдим. У ерда тўрт-бешта енгил машина турарди. Мени кўришлари билан ҳайдовчилар “Дўстлик”ками?” дея югуриб келишди. Улардан йўл кира неча пуллигини сўрайман. “Ўн беш минг сўм”, дейишади бир овоздан. Ҳайдовчилардан бири билан ўн мингга келишамиз ва у мени машинасига бошлаб боради. У “Ҳозир яна одам йиғиб келаман, сиз ўтириб туринг”, дея машина эшигини очади-да, ўзи югуриб ортига қайтиб кетади.

Тонгни “Дўстлик”да қарши олдим

Тахминан ярим соатларда машинамиз тўлди ва йўлга отландик. Соат 4.15да “Дўстлик”ка етиб келдик. Айтишганидек, пост гавжум эмасди – чамаси ўттиз нафар эркак-аёл ўтиш йўлаги олдида эркаклар бир тарафда, аёллар яна бир тарафда алоҳида сафларда навбатга тизилиб турарди. Болали аёллар, кексалар ва ногиронлар навбатсиз ўтишлари таҳсинга лойиқ. Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара божхона постларидан ўтишга кўпи билан ярим соат вақт кетди.

Ҳар ерда ҳозир ҳайдовчилар ва валюта алмаштириш пунктлари

Чегарадан ўтишингиз билан ҳамма ерда бўлгани каби бу ерда ҳам сизни киракаш ҳайдовчилар кутиб олишади. “Қаерга борасиз?”, “Қорасувми?”, “Чиқишингиз билан кетамиз, бир одам кам” дея атрофингизни ўраб олишади.

Бу ерда эътиборимни жалб қилган нарса – валюта алмаштириш пунктларининг кўплиги бўлди. Кенг майдоннинг икки тарафида қатор тизилган валюта алмаштириш дўконлари. Пешлавҳаларга доллар, евро, ўзбек сўми ва қирғиз сомининг айни пайтдаги сотиб олиш ва сотиш нархлари ёзиб қўйилган. Дўконлардан биридаги сотувчига икки юз қирғиз соми кераклигини айтгандим, у бу 24 минг сўм бўлишини билдирди. Сўралган пулни узатдим ва 200 сомни олдим.

Ўтмишни ёдга солувчи Ўш