Ўзбекистон | 08:25 / 20.09.2018
4990
2 дақиқада ўқилади

Аудиторлик ташкилотлари устав капитали энг кам миқдорига доир талаб бекор қилинмоқда

Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикасида аудиторлик фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан 2019 йил 1 январдан: 

аудиторлик ташкилотлари устав капиталининг энг кам миқдорига доир; 

аудиторлик ташкилотлари раҳбарларининг аттестациядан ўтиши бўйича; 

устав капиталида давлат акциялари (улушлари) тўплами 50 фоиздан ортиқ бўлган корхоналарда ташқи аудитни ўтказиш учун аудиторлик ташкилотини Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Молия вазирлиги томонидан белгиланадиган рўйхат ичидан танлов асосида танлаш тўғрисидаги талаблар бекор қилинади. 

Белгиланишича, 2020 йил 1 январдан: 

а) ҳисобот йили якуни бўйича қуйидаги шартлардан бир вақтнинг ўзида иккитасига жавоб берган тижорат ташкилотлари ҳам ҳар йили мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши лозим: 

активларнинг баланс қиймати энг кам иш ҳақининг 100 минг баробар миқдоридан ортиқ бўлса; 

маҳсулотларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушум энг кам иш ҳақининг 200 минг баробар миқдоридан ортиқ бўлса; 

ходимларнинг ўртача йиллик сони 100 кишидан ортиқ бўлса; 

б) аудиторлик ташкилотлари аудиторлик фаолиятини фақат Халқаро бухгалтерлар федерацияси томонидан нашр этиладиган халқаро аудит стандартлари асосида амалга оширади; 

в) мажбурий аудиторлик текширувларини ўтказувчи аудиторлик ташкилотлари иши сифатининг ташқи назорати натижалари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг веб-сайтида эълон қилинади. 

Мавзуга оид