Ўзбекистон | 08:08 / 20.09.2018
9797
2 дақиқада ўқилади

Аудиторлик ташкилотларига янги талаблар қўйилмоқда 

Фото: Depositphotos

Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикасида аудиторлик фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

2019 йилнинг 1 январидан бошлаб шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ: 

тижорат ташкилоти, агар у ҳақдаги ахборот Тадбиркорлик субъектларининг ягона давлат реестрига киритилган санадан бошлаб уч ой давомида аудиторлик фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган аудиторлик ташкилотлари реестрига киритилмаган бўлса, ўз номида “аудиторлик ташкилоти” сўзларидан фойдаланишга ҳақли эмас; 

аудиторлик фаолиятини амалга ошириш учун лицензия лицензиатга барча турдаги аудиторлик текширувларини ўтказиш ҳуқуқини беради; 

аудиторлик ташкилотининг устав капитали аудиторлик ташкилоти фаолиятини амалга оширишда бевосита фойдаланиладиган мол-мулкдан, шу жумладан, пул маблағларидан шакллантирилади; 

аудиторлик ташкилоти асосий иш жойи ҳисобланган аудиторларнинг энг кам сони камида тўрт нафар штатдаги аудитордан иборат бўлади; 

айнан битта хўжалик юритувчи субъектнинг аудиторлик текшируви кетма-кет етти йилдан ортиқ бўлмаган муддатда ўтказилади; 

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари билан биргаликда ҳар уч йилда камида бир марта аудиторлик ташкилотлари ишининг сифати ташқи назоратдан ўтказилади; 

аудиторлик ташкилотлари ўзларининг веб-сайтларида ёки аудиторлар жамоат бирлашмаларининг веб-сайтларида ўтказилган мажбурий аудиторлик текширувлари тўғрисидаги ахборотни хўжалик юритувчи субъектнинг идентификация маълумотларини ва аудиторлик хулосасини кўрсатган ҳолда эълон қилади. 

Фаолият юритаётган аудиторлик ташкилотлари 2019 йилнинг 1 апрелига қадар мазкур қарорда белгиланган штатдаги аудиторларнинг энг кам сони тўлиқ тўлдирилишини таъминлайди. 

Мавзуга оид