Эрон ахборот вазири (мамлакат махсус хизмати — таҳр.) Маҳмуд Алавий Аҳвоздаги ҳарбий парадда амалга оширилган террорчилик ҳаракатига алоқадор бир неча киши қўлга олингани ҳақида маълум қилди, деб хабар берди Tasnim агентлиги.

"Ахборот вазири Маҳмуд Алавий Аҳвоздаги ҳарбий парадда содир этилган террорчилик ҳужумига алоқадорликда гумонланган бир неча киши қўлга олингани ҳақида хабар қилди", — дейилади агентликнинг Twitter саҳифасида. 

Аҳвоздаги теракт 22 сентябрда содир этилди. Охирги маълумотларга кўра, парад иштирокчиларининг жангарилар томонидан ўққа тутилиши оқибатида 28 киши ҳалок бўлган, 60 киши яраланган. Теракт учун жавобгарликни Саудия Арабистони билан алоқага эга бўлган “Аҳвоздаги ватанпарвар араб демократик ҳаракати” ўз зиммасига олган.