Жаҳон | 17:40 / 28.09.2018
31244
3 дақиқада ўқилади

Жээнбеков оддий рейсда учди. Яна қайси давлат раҳбарлари йўловчилар ҳамроҳлигида парвоз қилган?

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков АҚШга оддий рейсларда бориб келгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Қирғизистон президенти БМТ Бош ассамблеясининг Нью-Йоркдаги сессиясида иштирок этиб қайтди.

Сиёсатшунос Темирлан Сарликбек ўғли самолёт бортида президент билан селфи қилди ва у ўзининг оддийлиги билан барчани ҳайратга солганини таъкидлади.

Жээнбеков билан селфисини Қирғизистон Қизил ярим ой Миллий жамияти президенти Азамат Баялинов ҳам интернетга жойлади.

Маълумотларга кўра, аввалроқ Сооронбай Жээнбеков Москва ва Ўшга ҳам худди шундай рейс билан парвоз қилган.

Бу мамлакат президенти оддий рейсда парвоз қилган ягона ҳолат эмас. Айрим Европа давлатлари раҳбарларининг йўловчи самолётларда сафарга бориб-келишлари тез-тез кузатилади.

Масалан, шу йилнинг сентябрь ойи бошида Украина президенти Петро Порошенко Лондондан Киевга British Airways самолётида учиб келганди. У Жон Маккейннинг таъзия маросимида иштирок этиб, АҚШдан қайтаётган бўлган.

Россияда шу йилнинг ёзида бўлиб ўтган футбол бўйича жаҳон чемпионати чорак финал ўйинини томоша қилиш учун Хорватия президенти Колинда Грабар-Китарович Загребдан Сочига оддий чартер рейсда бир гуруҳ футбол ишқибозлари билан келди.

«Бу ҳукумат самолётида учишдан икки баравар арзонга тушади», – деди у ва оддий самолётда учишнинг ҳеч қандай ғайритабиий жойи йўқлигини айтди. Хорватия президентининг сўзларига кўра, у Италия ва Эронга ҳам оддий йўловчи самолётида учиб борган.

Ана шундай тежамкор президентлардан яна бири Молдова президенти Игорь Додондир. У Москва, Бишкек ва Брюссель шаҳарларига ташрифларини оддий эконом тоифасидаги рейсларда амалга оширган.

«Президент эконом-классда учишини нормал ҳолат деб ҳисоблайман. У ўзини сайлаган фуқаролари каби бўлиши керак. Эконом-классда парвоз қилиш, ишга велосипедда бориш, оддий одамлар маҳсулот сотиб оладиган дўконда харид қилиш, халққа яқин бўлиш учун троллейбусда юриш нормал ҳолатдир», дея изоҳлаган президентнинг собиқ маслаҳатчиси Валерий Реницэ.

Бундай давлат раҳбарлари рўйхатини яна давом эттириш мумкин. Масалан, Сербия президенти Томислав Николич Минскка ишчи ташрифини Lufthansa авиакмопаниясининг оддий рейсида амалга оширган.

Литва президенти Даля Грибаускайтени арзон Wizzair авиакомпаниясининг Вильнюс - Лондон йўналишидаги эконом тоифасидаги самолётида кўришган.

Финляндия президенти Тарья Халонен Нью-Йорк - Хельсинки йўналишида оддий самолётда парвоз қилган.

Рим - Палермо йўналишида парвоз қилаётган Alitalia авиакомпанияси самолётида йўловчилар ҳамроҳлигида Италия президенти Сержо Маттарелла учган.

Польша президенти Анжей Дуда Мехикога оддий йўловчи самолётда борган бўлса, мамлакатнинг аввалги президенти Бронислав Коморовский ҳам ташрифларини кўпинча йўловчи самолётларда амалга оширган.

Мавзуга оид