«Металлург» - «Пахтакор» - 0:11. Бу Суперлига доирасидаги ушбу клубларнинг ўзаро 3та ўйинида қайд этилган умумий ҳисоб. Бу «Металлург» томонидан битта оталиққа эга ҳомийдош клуби «Пахтакор»га «совға» қилинган 9 очко деганидир. «Далил, исбот қани?» деб бошимни қотирмай туринг - Тошкент ва Бекобод клублари ўртасидаги ўйин атрофидаги «ўйин»лар шу даража ғалати кўриниш олдики, ПФЛ қошидаги «Келишилган ўйинларга қарши» комиссияси (агар мавжуд бўлса) ҳали ўйин видеоси у ёқда турсин, мақоламиздаги фактлар билан ҳам «Металлург» - «Пахтакор» ўзаро учрашувлари борасида иш очишга асослари етарли.

Бекободдаги «голлар-шоуси»

Келинг, аввало «Металлург» ва «Пахтакор» ўртасидаги Суперлига доирасидаги ўйинларга эътибор қаратамиз. Дастлабки ўзаро расмий учрашув 7-тур доирасида кечиб, «Пахтакор» сафарда «Металлург» устидан 5:0 ҳисобида зафар қучган. (8 февралда мавсумга тайёргарлик жараёни давомида «Пахтакор» «Металлург» билан назорат учрашуви ўтказиб, 8:3 ҳисобида ғалаба қозонганди.)

Суперлига. 7-тур. 19 апрель. Бекобод
«МЕТАЛЛУРГ» – «ПАХТАКОР» - 0:5
«Металлург»: Зафар Сафаев, Шаҳзод Шайманов, Исломбек Исоқжонов (Аброр Тошқўзиев, 84), Жасур Ҳасанов, Дилёрбек Эрматов, Шерзод Файзиев, Муҳаммад Исаев (Андрей Шипилов, 84), Аброр Хусинов, Зафар Тўраев (Зоҳид Абдуллаев, 66), Павел Смоляченко, Павел Пуришкин.

Бир қарашда натижа «Пахтакор»нинг «Металлург»дан бир бош баландлигини кўрсатар, аммо Бекобод клубининг ушбу баҳсга нисбатан ёндашуви шубҳа-гумонларни уйғотади. Мезбонлар бош мураббийи Андрей Шипилов айнан ўзининг собиқ жамоаси «Пахтакор»га қарши ғалати қарорларни қабул қилган:
1-шубҳа: «Металлург» асосий таркибида илк марта Павел Пуришкин Суперлигада майдонга туширилиб, 90 дақиқа ўйнаган. Пуришкин сўнгги 8 йил ичида илк марта ўзбек клуби сафида дебют ўйинини ўтказган.
2-шубҳа: 7-тургача доим захирада қолган Дилёрбек Эрматов айнан «Пахтакор»га қарши илк бор асосий таркибга туширилган ва 90 дақиқа тўп сурган.
3-шубҳа: «Металлург» асосий таркибида 19 ёшли Аброр Тошқўзиев илк марта майдонга туширилган. Бунгача у Суперлигада умуман ўйнамаган.