Навоий вилояти Кармана туманининг Навоий шаҳрига туташ ҳудудида барпо этилаётган 5 қаватли, 60 хонадонли уй эгаларидан Kun.uz таҳририятига мурожаат келиб тушди.

Кўп сонли фуқаролар мурожаатининг қисқача мазмуни шундай: улар пешона тери эвазига топилган пулларини тўлаб, «Навоий қурувчи ёшлари» МЧЖ (раҳбари — Феруз Тўхтаев) билан шартнома имзолаб, ҳали қурилмаган уйни харид қилишади.

facebookда кўриш

«Навоий қурувчи ёшлари» МЧЖнинг «Халқ банки» Кармана туман бўлимидан олинган кредитини ўз вақтида сўндирмагани учун, гаровга олинган уйни электрон аукцион орқали сотувга қўяди. Уйни ким ошди савдосида сотиб олган янги эгаси (Бомуратова Матлуба) уй учун пул тўлаган харидорларни тан олмаяпти.

Масала ўта жиддий. Уни ижобий ҳал қилиниши учун очиғи, Навоий вилоятида ҳеч ким бош қотирмаяпти. Ҳаммаси Феруз Тўхтаевнинг фирибгарлик учун қамалиши ва 60 нафар оила бошпанасиз чирқиллаб қолишига қараб кетмоқда.

Энди бир бошидан ҳикоя қиламиз.

Уй учун пул тўлаган харидорлар ичида ёши улуғ, кўпни кўрган Ўтаб Нормаматов бундай вазият юзага келиши учун айб кимда эканлигини аниқлаб, фуқароларга уйлари қайтарилишини талаб қилди. У.Нормаматовнинг фикрича, аукцион савдолари уюштирилишида ҳам қўпол қонун бузилишларига йўл қўйилган.

Таҳририятимизга келиб шахсан мурожаат қилганлар ичида Зилола Бобонорова ҳам бор эди. У ва бошқа харидорлар ўзининг эътирозларини шундай изҳор этишди:

— Ахир шунча оила куйиб қолаяпти. Шу ердаги жанжалларни деб оиласи бузилиш арафасида турганлар бор! Одамлар яшаб турган уйини сотиб, ўзи ижарада туриб пул тўлашган. Мана, биз олмоқчи бўлган уйдан кейин қурилган уйлар қурилиб битиб, одамлар кўчиб кирди. Лекин бу ерда халқ икки йилдан буён сарсон! Ким жавоб беради бунга?!