Аёллар баъзан эркакларга ҳавас қилишади. Уларга яшаш осонроқ бўлгани учун эмас, бошқа оддий сабабга кўра: эркакларнинг вазн ташлаши аёлларга нисбатан осонроқ. Нима учун дейсизми? "Здоровье с Еленой Малышевой"да келтирилишича, тарихдан шундай.

Тана хусусиятлари
Эркаклар организмида ёғ тўқималари меъёрда тахминан 10-12 фоизни ташкил қилади (лекин 20 фоизгача ошиши мумкин). Аёлларда эса ёғ тўқималари кўпроқ бўлиши керак - 30 фоизгача. Бу аёлларнинг ҳомиладор бўлиши ва болани она сути билан озиқлантириши билан изоҳланади, албатта. Организмнинг энергия захираси эса - бу ёғ тўқимаси.
Анатомик хусусиятлар
Табиатан эркакларда мушаклар кўпроқ бўлади, зеро уларнинг тарихий роли доимий ҳаракатни талаб қилувчи ов машғулотларида бўлган. Ҳатто сизнинг "овчингиз" диванда ётишни маъқул кўрса ҳам, унинг мушаклари барибир сизникидан кўпроқ, буни эволюция дейдилар.
Бу қомат ва озиш учун қандай аҳамиятга эга? Организмда мушаклар тўқималари қанчалик кўп бўлса, асосий алмашинув даражаси шунча юқори бўлади. Яъни эркаклар ҳеч нима қилмаса ҳам, аёлларга нисбатан кўпроқ калория сарфлашади.
Физиологик хусусиятлар
Дейлик, эр ва хотин бир вақтда вазн ташлашга қарор қилишди. Спорт залига обуна бўлиб, бир ой давомида шуғулланишади, машқлар иккиси учун тахминан бир хил... Бир ойдан кейин эркак 5 кг вазн ташлайди, аёл эса - 1 кг. Бу кўп учрайдиган ҳолат.
Мушаклар массаси ҳажмидаги фарқдан ташқари, гормонал фондаги тафовут ҳам муҳим аҳамиятга эга. Эркакларда тестостерон кўп бўлади, бу гормон мушакларни интенсив ўсишга мажбур қилади. Бундан ташқари, тестостерон нисбатан агрессив хатти-ҳаракатлар учун жавоб беради, шунинг учун эркаклар юқори интенсивликдаги юкламалар, такрорий машқларга узоқроқ чидамли бўлишади ва охир-оқибат кўпроқ вазн ташлашади.
Бундан ташқари, аёлларнинг ишдаги самарадорлиги циклга жуда кучли боғлиқ, яъни ой давомида шундай кунлар бўладики, организм эҳтимолий ҳомиладорликни кутади ва истар-истамас энергия сарфлайди. Бундай кунларда эса озишнинг уддасидан чиқиш қийин.
















