Ўзбекистон | 15:33 / 17.10.2018
84427
2 дақиқада ўқилади

Каримов Фонди президент оиласи қандай дам олгани ҳақида маълумот берди

Ўзбекистон биринчи президентининг кичик қизи Каримовлар оилавий қандай дам олгани ҳақида сўзлаб берди.

Фото: Facebook/Каримов Фонди

“Баҳорги таътил кунларида болалар билан ота-онамдан хабар олиш учун Тошкентга келган эдик. Наврўз байрами арафаси эди. Отам набираларини кўрганда ҳамиша ниҳоятда қувонар эдилар. Фарзандларим ҳам бобосини катта хурсандчилик ва қий-чув билан кутиб олишар ва остонаданоқ ўз ўйинларига чорлар эдилар”, - дейди Лола Каримова-Тиллаева.

Унинг таъкидлашича, Ислом Каримов кўп ҳолатларда “Болали уй бозор, боласиз уй мозор” мақолини такрорлар эди.

“Кечки овқат пайтида отам Самарқандни набираларига кўрсатиш истаклари борлигини айтдилар ва биз эртаси куниёқ Самарқандга йўл олдик. Бу жуда ҳам файзли сафар бўлди. Қадимги обидаларни бориб кўрдик, аждодларимиз руҳига ҳурмат бажо айлаб, улар дафн этилган маконларни зиёрат қилдик. Отам кучли хотира эгаси эдилар, ва Самарқанд тарихига оид кўпгина қизиқарли воқеаларни бизларга сўзлаб бердилар. Катта қизим Мариямга Регистон майдони тўғрисида батафсил гапириб берганлари, Тиллакори мадрасасининг гўзал безакларини ҳайратда томоша қилганимиз ҳали ҳам кўз олдимда”, - дея айтиб ўтди Ўзбекистон биринчи президентининг қизи.

“Самарқандга қилган ушбу сафаримиздан икки йилдан сал ошиқ вақт ўтиб, айни шу майдон ва мадраса ёнида отам билан видолашиб, уларни мангу масканларига кузатдик”, - дея хулоса қилди у.

Мавзуга оид