2018 йилнинг 18 октябрь куни «Янги иқтисодиёт учун янги кадрлар» Россия-Ўзбекистон биринчи таълим форуми доирасида Олмалиқ шаҳрида Россиянинг “Миллий технологик тадқиқотлар университети “МИСиС” филиали очилади.
Олмалиқдаги филиал университетнинг олтинчи филиалига айланади. “Миллий технологик тадқиқотлар университети “МИСиС” Ўзбекистонда ўз бўлинмасига эга Россиянинг тўртинчи олий таълим муассасаси бўлади.
Kun.uz манбаси маълумотига кўра, тантанали очилиш маросимида бир қатор юқори мансабли шахслар иштирок этади. Улар орасида Россия фан ва олий таълим вазири Михаил Котюков, Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов, «МИСиС» ректори Алевтина Черникова, «ОТМК» АЖ бошқаруви раиси Абдулло Хурсанов бор.
Бундан ташқари, маросимда асли келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик миллиардер, USM Holdings акциядорлик жамияти таъсисчиси ва раҳбари Алишер Усмонов ҳам иштирок этиши кутиляпти.
Маълумот учун: мазкур таълим даргоҳида республиканинг ишлаб чиқариш-саноат тармоғи учун юқори малакали муҳандис-техник кадрлар тайёрланади.
2018-2019 ўқув йилининг кундузги бўлими учун «Тоғ иши», «Металлургия», «Ишлаб чиқариш ва технологик жараёнларни автоматлаштириш ҳамда бошқариш» йўналишларида 150 нафар талаба қабул қилинди.
Ушбу олий таълим даргоҳида таълим бериш жараёнига маҳаллий мутахассислар билан биргаликда Россиядаги ва хориждаги етакчи олий ўқув юртларида педагогик тажрибага эга бўлган россиялик ўқитувчилар ҳам жалб этилган.
Филиал битирувчиларига Ўзбекистон ва Россияда олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган “МИСиС” МТТУнинг белгиланган намунадаги дипломи берилади.
Олмалиқда “Миллий технологик тадқиқотлар университети “МИСиС” филиали ўз фаолиятини бошлади














