Ўзбекистон | 15:03 / 17.10.2018
72576
3 дақиқада ўқилади

Вазирлик 5 кунлик иш ҳафтасига ўтиш бўйича таклифга муносабат билдирди

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги «Менинг фикрим» жамоавий мурожаатлар порталида муҳокамага қўйилган барча корхона ва ташкилотларнинг 5 кунлик иш ҳафтасига ўтиши масаласи бўйича таклифга муносабатини билдирди.

«Жорий йилнинг 16 октябрь куни «Менинг фикрим» («Мое мнение») порталида барча бюджет ва нодавлат ташкилотларнинг тўлиқ 5 кундан иборат иш ҳафтасига ўтиш кераклиги ҳақида эълон қилинган таклиф Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан кўриб чиқилди.

Меҳнат қонунчилигига ўзгариш ва қўшимчалар киритишни талаб этадиган бундай таклиф мақсадга мувофиқ эмас. 

Биринчидан, бутун ҳафта давомида узлуксиз иш тартибига эга барча бюджет ташкилотлари, шу жумладан, тиббиёт ва таълим муассасалари учун мажбурий 5 кунлик иш ҳафтаси барча шифохона, поликлиника, мактаб, коллеж, ОТМлар, шунингдек, нодавлат ташкилотларга тааллуқли корхоналарнинг 5 кунлик иш ҳафтасига ўтишини тақозо этади.

Иккинчидан, амалдаги қонунчиликка мувофиқ (Меҳнат кодексининг 120-моддаси), иш ҳафтаси тури (икки кун дам олиш белгиланган беш кунлик иш ҳафтаси ёки бир кун дам олиш белгиланган олти кунлик иш ҳафтаси) ва иш вақтининг тартиби (кунлик иш (смена) давомийлиги, иш вақтининг бошланиши ва тугаши, ишдаги танаффуслар вақти, бир кундаги сменалар сони, иш куни ва иш куни бўлмаган кунлардаги навбатчилик, ишчиларнинг сменадан сменага ўтиш тартиби) корхонада ички меҳнат тартиб қоидалари, иш жойидаги бошқа меъёрий ҳужжатлар, агар улар мавжуд бўлмаса, ишчи ва иш берувчи ўртасидаги келишув бўйича ўрнатилади.

Шунга кўра, барча бюджет ва нодавлат ташкилотларни тўлиқ беш кундан иборат мажбурий иш ҳафтасига ўтказишга зарурат йўқ, чунки меҳнат қонунчилигида бундай имконият назарда тутилган ва иш жойидаги меъёрий ҳужжатлар орқали амалга оширилиши мумкин», дейилади вазирлик нуқтаи назари келтирилган хабарда.

 

Мавзуга оид