Ўзбекистон | 10:31 / 26.10.2018
13059
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда транспорт воситасини бошқариш билан боғлиқ энг кўп қоидабузарликлар тури маълум қилинди

Фото: KUN.UZ

2018 йилнинг 9 ойи мобайнида маъмурий судлар томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 16 567 та иш кўриб чиқилди. Бунинг натижасида 12 525 та фуқаронинг ҳуқуқи тикланди, 57 та мансабдор шахсга интизомий жазо қўлланилди.

Шунингдек, ҳисобот даврида маъмурий судлар томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида кўзда тутилган ҳуқуқбузарликлар бўйича 344 198 нафар шахсга нисбатан 276 461 та иш кўриб чиқилди. Жумладан, 231 809 нафар шахсга нисбатан жарима, махсус ҳуқуқдан маҳрум этиш, маъмурий қамоқ ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқариб юбориш каби маъмурий жазолар қўлланилди.

Таҳлилларга кўра, маъмурий судлар томонидан кўрилган ишларнинг аксариятини транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юбориши, транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариши, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши, тегишли ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши ташкил этади. Шунингдек, ноқонуний тадбиркорлик фаолияти, автомобиль транспортида йўловчилар ташиш билан лицензиясиз шуғулланиш, майда безорилик, милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик, паспорт тизими қоидаларини бузиш ва Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳам шулар қаторида.

Хусусан, маъмурий судлар томонидан транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш ва транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича 43 605 нафар шахсга нисбатан 42 978 та иш кўриб тамомланган. Шундан 4 655 нафар шахсга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди, 33 583 нафар шахс эса транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича 16 276 нафар шахсга нисбатан 15 803 та иш кўриб тамомланган. Шундан 13 711 нафар шахсга нисбатан жарима жазоси қўлланилди, 1 057 нафар шахс эса транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Маст ҳолда транспорт воситасини бошқариб йўл-транспорт ҳодисасини содир этган 908 нафар шахсга нисбатан 904 та маъмурий иш кўриб чиқилди.

Маъмурий судлар томонидан 160 151 та иш, яъни барча ишларнинг 57 фоиздан ортиғи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан назорат тартибида 2 155 та шикоят ва протестлар кўриб чиқилди, шундан 445 таси иш материаллари асосида ўрганилди. Қуйи судлар томонидан чиқарилган 36 та қарор бекор қилинди ва 33 та суд қарорлари ўзгартирилди.

Мавзуга оид