Ўзбекистон | 17:17 / 31.10.2018
19349
2 дақиқада ўқилади

Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг рўйхатлари кенгайтирилди

Фото: Flickr/ Global Panorama

I – IV рўйхатларга (муомалада бўлиши тақиқланган ва чекланган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар) ўзгартиришлар киритилди, деб ёзмоқда Norma.
 
Биринчидан, рўйхатлар кенгайтирилди: муомалада бўлиши тақиқланган гиёҳвандлик воситаларининг рўйхати 238 та позициядан 265 та позицияга, муомалада бўлиши чекланганларининг – 51 тадан 53 тага. Муомалада бўлиши чекланган психотроп моддалар 4 тага (81 та позициядан 85 та позицияга), прекурсорлар эса 3 тага (26 та позициядан 29 та позицияга) кўпайди.
 
Маълумот учун: прекурсорлар – гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ва психотроп моддаларни тайёрлаш учун фойдаланиладиган моддалар.
 
Иккинчидан, I Рўйхат (муомалада бўлиши тақиқланган гиёҳвандлик воситаларининг рўйхати) тузилиши ўзгартирилди. Унга киритилган моддалар гуруҳлар ва кичик гуруҳларга бўлинди. Масалан, синтетик каннабиоидлар гуруҳидаги гиёҳвандлик воситаларига анъанавий (дибензопиранлар), ноанъанавий (циклогексилфеноллар, циклогентеноллар, хинонлар), аминоалкилиндоллар (нафтоилиндоллар, фенилацетилиндоллар, бензоилиндоллар ва ҳ.к.), эйкозанойдлар (анандамидлар), бошқалар (нафтоилпиролллар, диарипиразоллар ва ҳ.к.) ва гибрид каннабиоидлар киради.
 
Шуни ёдда тутиш лозимки, Ўзбекистонда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни экиш, ўтказиш мақсадини кўзлаб тайёрлаш ва қайта ишлаш, олиш, сақлаш, шунингдек уларни ўтказиш ёки истеъмол қилишга жалб этиш билан боғлиқ қонунга хилоф ҳаракатлар жиноий тартибда таъқиб қилинади. Юқорида кўрсатилган рўйхатлар муҳим аҳамиятга эга, сабаби улар билан боғлиқ жиноий жазо қўлланиладиган қилмишларни квалификациялашга таъсир кўрсатувчи гиёҳвандлик воситаларининг миқдорларини ҳам акс эттиради.
 
Шу ўринда 23 сентябрдан бошлаб гиёҳвандлик воситаларининг аналоглари – юқорида кўрсатилган рўйхатларда расман мавжуд бўлмаган, бироқ инсон руҳиятига шунга ўхшаш таъсир кўрсатувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи учун жиноий жавобгарлик жорий этилганини эслатиб ўтамиз. 
 
Ҳужжат 29.10.2018 йилдан кучга кирди. 

Мавзуга оид