Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда йирик балиқчилик кластерлари уч йил муддатга барча солиқлардан озод этилади
Ўзбекистонда тўлиқ тизимли ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган балиқчилик кластерлари ташкил этилади ва уларга солиқ имтиёзлари тақдим этилади. Бу ҳақда «Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарорида белгилаб қўйилган.
Ҳужжатда қайд этилишича, ушбу кластерлар инкубация цехи, чавоқ ва товар балиқ етиштириш, юқори оқсилга бой балиқ еми, қайта ишлаш ва сақлаш каби жараёнларни комплекс қамраб олади. Ушбу балиқчилик кластерларининг йиллик балиқ етиштириш қуввати камида 50 тонна бўлган тақдирда улар 2019 йил 1 январдан бошлаб дастлабки уч йил давомида барча солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан озод этилади.
Қарор билан манфаатдор вазирлик ва идоралар 2019 йил 1 февралга қадар муддатда салоҳиятли тадбиркорлик субъектларини, молиялаштириш манбалари ҳамда ер майдонларини аниқлаб, 2019-2021 йилларда балиқчилик кластерларини ташкил этишнинг манзилли дастури лойиҳасини тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиши белгилаб қўйилди.
Таъкидланишича, эндиликда узлуксиз сув таъминлаш имконияти бўлган сунъий сув ҳавза майдонлари мавжуд бўлган балиқчилик хўжаликларини босқичма-босқич интенсив усулда балиқ етиштиришга ихтисослаштириш чоралари кўрилади.
Қарорга асосан, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг маблағлари ҳисобидан эквиваленти 50 миллион АҚШ доллари миқдорида “Ипотека банк” АТИБнинг устав капиталидаги давлат улуши оширилади. Ушбу маблағдан зарурат бўлганда балиқчиликни ривожлантириш соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун фойдаланилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳар йили 15 миллион АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги маблағларни 2019-2020 йиллар давомида тегишли йилнинг 1 февралига қадар балиқчилик лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига ўтказиб беради.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 6 ноябрь куни «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмасида раҳбар ўзгарган, бунга қадар ушбу лавозимни эгаллаб келган Авазхон Эргашев ўрнига «Ипотека-банк» бошқаруви раиси сифатида фаолият юритиб келган Омон Мусаев тайинланган эди.
Мавзуга оид
17:38 / 11.06.2026
Президент ҳузурида балиқчилик тармоғини ривожлантириш чоралари муҳокама қилинди
13:56 / 10.12.2025
Венгрия ва Норвегия билан ҳамкорликда балиқ наслчилик марказлари ташкил этилади
10:19 / 20.10.2025
Балиқ қарма таоми географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди
11:25 / 22.09.2025