5 ноябрь куни «Kun.uz» сайти таҳририятига «Шўртаннефтгаз» МЧЖнинг қўриқлаш хизмати ходимларининг оммавий равишда ишдан озод этилгани ҳақида мурожаат келиб тушди. Мурожаатда айтилишича, «Шўртаннефтгаз» МЧЖ  «Тезкор» қўриқлаш тармоғининг 324 нафар ходими фавқулодда ишдан бўшатиб юборилган.

Маълум бўлишича, юзлаб ходимлар «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик компанияси раҳбарияти қабулига кириш учун Қашқадарё вилоятидан Тошкент шаҳрига келган. Шундан сўнг, аламзада ходимларга бу иш белгиланган тартиб-таомил бўйича ҳал қилиниши кераклиги билдирилган ва улар билан учрашув ўтказилган.

Youtube'да кўриш

Mover'да кўриш (tas-ix)

Дарҳақиқат, компания бош офиси жойлашган бино олдида тумонат одам тўпланган экан. Йиғилганларнинг ягона мақсади – юзага келган тушунмовчиликларга ойдинлик киритиб олиш эди.

«1 ноябрь куни бизга тўсатдан барча ходимлар ишдан бўшатилди, деб айтиб қолишди. 324 нафар ходим оммавий равишда ишдан олинганди. Кейин раҳбариятга учрашув ўтказиш учун мурожаат билан чиқдик. Раҳбаримизни топиб бўлмади. Режим раҳбарлари ҳам телефонни кўтаришмади. Огоҳлантириш хати берилмаганини айтиб, эътироз билдирдик. Қашқадарё вилоят ҳокимлигига ҳам бордик. Арзимизни эшитишиб, раҳбаримиз билан учрашув ташкиллаштириб беришди. Ҳамма ўз шароитини тушунтирди.

Бироқ раҳбар парво ҳам қилмади ва бу тепадан келган буйруқ эканлигини айтди. Ҳамма стресс ҳолатида қолганди. Аввал ҳам, апрель ойида шундай ҳолат содир бўлганди. Президентнинг виртуал қабулхонасига шикоят йўллаганимиздан сўнг мажлис ўтказилиб, ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқ бекор қилинган эди. Шу орада вазият бироз яхшилангандек бўлди, биз ҳам ўз ташаббускорлигимизни кўрсатдик, жон-жаҳдимиз билан ишладик, конденсат ўғриларини ҳам ушлаб бердик. Лекин раҳбариятимизга қилган ишларимиз кўринмаяпти. 1 ноябрь куни шундай келишди-да, ишдан бўшадинглар дейишди. Ҳозир қаерга боришни билмай бошим қотган, уч нафар фарзандим бор, кредит тўлашим керак», дейди қийин аҳволда қолган ходимлардан бири Камол Тангиров.