Спорт | 11:10 / 10.11.2018
11018
2 дақиқада ўқилади

Исроил Мадримов профессионал боксга ўтди. У шу ой илк жангини ўтказади

Фото: KUN.UZ

Осиё ўйинлари ва Осиё чемпионати ғолиби Исроил Мадримов фаолиятини профессионал боксда давом эттирадиган бўлди. У Россиянинг «Мир бокса» промоутерлик компанияси билан келишувга эришган.

«Ҳурматли дўстлар, мен фаолиятимда муҳим қадам ташлаганимни ва профессионал боксга ўтишимни мамнуният билан эълон қилмоқдаман. Бу борада кўплаб таклифлар олдим ва проф боксда ўз келажагимни ишонишим мумкин бўлган «Мир бокса» ташкилоти билан ҳамкорлик қилишга қарор қилдим. Бундай имкониятга эга бўлганимдан жуда хурсандман ва бундан миннатдорман», – деди Исроил Мадримов.

Эслатиб ўтамиз, Мадримов Индонезия мезбонлик қилган XVIII Осиё ўйинларида Ўзбекистон спорт делегацияси байроқдори вазифасини бажарган ва мусобақада олтин медалга эга чиққанди.

Исроил профессионал боксдаги дебют жангини 24 ноябрь куни Атлантик-Сити шаҳрида ўтказади. Владимир Эрнандесга қарши кечадиган баҳс 10 раунддан иборат бўлади. Маълумот учун, Эрнандес профессионал боксда 12 та жанг ўтказиб, уларнинг 10 тасида ғалаба қозонган (7 та жангда нокаут эвазига), 2 маротаба мағлубиятга учраган.

24 ноябрда, Мадримовдан ташқари, «Мир бокса» промоутерлигидаги яна икки ўзбекистонлик боксчи рингга кўтарилади: Шаҳрам Ғиёсов мексикалик чарм қўлқоп устаси Мигель Замудиога қарши олтинчи жангини ўтказса, Муроджон Аҳмадалиев америкалик боксчи Исак Зарате билан баҳсда проф-рингдаги илк камарини ҳимоя қилади.

Бугун, 10 ноябрь куни Шоҳжаҳон Эргашев навбатдаги жангини америкалик Зак Рэмсига қарши ўтказади. Кеча эса Санжар Турсунов профессионал боксдаги дебютида мексикалик рақибини нокаутга учратган эди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид