Ўзбекистон | 12:43 / 21.11.2018
72023
2 дақиқада ўқилади

Молия вазирлиги: нархни оширган «газ-заправка»ларга санкция қўлланиши мумкин

Фото: KUN.UZ

Автомобилларга газ қуйиш компрессор станциялари орқали сотилаётган табиий газ нархларининг таҳлили шуни кўрсатдики, жорий йилнинг 16 ноябридан бошлаб улар томонидан сотиладиган табиий газ нархи 300-400 сўмга ошди (1700-1800 сўмдан 2000-2200 сўмгача), деб ёзмоқда Молия вазирлиги ахборот хизмати.

Вазирлик автомобилларга газ қуйиш компрессор станциялари орқали сотиладиган табиий газ нархини ошириш учун асос йўқлигини яна бир бор маълум қилган.

Қайд этилишича, 16 ноябргача автомобилларга газ қуйиш компрессор станцияларига газ бир кубометр учун 789,74 сўмдан сотилган (нарх табиий газ учун бир кубометрга 289,74 сўмлик улгуржи нарх ва бир кубометрга 500 сўмлик махсус инвестицион устама ҳақидан шакллантирилган).

2018 йил 16 ноябрдан бошлаб нарх бир кубометр учун 800 сўм миқдорида (ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда) ўрнатилган, яъни аввал бир кубометрга 500 сўм даражасида белгиланган махсус инвестицион устама бекор қилинди ва табиий газни сотиш нархига киритилган.

Молия вазирлиги фикрича, автомобилларга газ қуйиш компрессор станциялари томонидан нархнинг 17%га кўтарилиши асоссиз ҳамда агарда нархлар 2018 йил 15 ноябрдаги даражага туширилмаса, тегишли санкцияларни кўришга мажбур бўлади. Жумладан, транспорт воситалари учун бензин, дизель ёнилғиси ва газ истеъмоли учун солиқ ставкасини кўпайтириш орқали ноқонуний йўл билан олинаётган даромадларни олиб қўйиш таклифи берилади ёки бошқа фискал чоралар кўрилади.

Хабарда таъкидланишича, ҳозирги вақтда Давлат рақобат қўмитаси, «Ўздавнефтгазинспекция» ва давлат солиқ хизмати органларига қонунчиликда белгиланган тартибда ноҳалол рақобат фактларини аниқлаш мақсадида автомобилларга газ қуйиш компрессор станцияларида нархлар устидан қатъий назорат ўрнатиш бўйича топшириқ берилган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Молия вазирлиги автомобиль газ тўлдириш компрессор станциялари томонидан реализация қилинадиган табиий газнинг улгуржи нархи ошиши кутилмаётгани ҳақида маълум қилганди.

Мавзуга оид