Самарқанд вилоятидаги икки туман ҳокимига маъмурий чора кўрилди. Ғалла етиштиришдаги камчиликлар учун
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 сентябрдаги «2019 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинлари навларини жойлаштириш ва бошоқли дон етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Бош прокуратура ҳузуридаги агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси томонидан мунтазам назорат тадбирлари ўтказилмоқда.
Zarnews.uz нашри Бош прокуратура ҳузуридаги агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармасига асосланиб берган хабарига кўра, мазкур тадбирлар давомида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 2 нафар масъул шахс огоҳлантирилиб, 1 нафар шахсга нисбатан интизомий, 79 нафар шахсга маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланган.
Жумладан, Жомбой тумани ҳокими Умиджон Назаров ва Оқдарё тумани ҳокими Феруз Абилов Вазирлар Маҳкамаси қарори ижросига масъулиятсизлик билан ёндашгани учун уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 198-моддаси 1-қисми билан маъмурий иш қўзғатилган.
Паст Дарғом тумани сув истеъмолчилар уюшмаси бошлиғи Қ.Халилов ўз вазифасига совуққонлик билан қараган ҳолда «Зарафшон» ММТП ҳудудидаги ғалла майдонларини суғориш учун ажратилган сувни назоратсиз қолдиргани сабабли маъмурий жазоланди.
«Шу каби назорат тадбирлари давомида бошоқли дон экишни асоссиз равишда кечиктирган Оқдарё туманидаги «Авнамас-саховатли диёр», «Даҳбет неъматлари», «Оқдарё Наврўз ҳосили», «Жасур Орипов», «Чорбоғ келажак боғлари», «Хусенов Махсуд ҳосили», «Махсум Боғлари», «Бегойим», «Мадина-бону боғи», «Даҳбет Диёрбек ғалласи», «Барака» фермер хўжаликлари раҳбарларига ҳам маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилди», дейилади хабарда.
«Жомбой дон маҳсулотлари» акциядорлик жамиятининг Ургут туман дон қабул қилиш маскани мудири З.Мирзаев уруғлик буғдойнинг мувофиқлик сертификатини олмасдан тарқатгани аниқланиб, унга нисбатан маъмурий жавобгарликка оид иш қўзғатилган.
Маълумот ўрнида, 2019 йил ҳосили учун вилоятдаги 9 минг 628 фермер хўжалиги томонидан 104 минг 249 гектар суғориладиган майдонда ғалла парваришланмоқда.
Бироз аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Бошоқли дон етиштиришни янада рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинган, унга кўра, сувли ерларда ғалланинг ҳар гектаридан 40 центнердан кам ҳосил олиш «ерга нисбатан хиёнат» деб баҳоланиши белгиланганди.
Мавзуга оид
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024
Самарқандда автобус салонини аёллар ва эркаклар учун ажратган ҳайдовчига чора кўрилди
11:44 / 31.10.2024