Сеулдан 30 ноябрь куни поезд ўн йил ичида биринчи марта КХДРга йўл олди. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг Yonhap агентлиги хабар қилмоқда.

Хабар қилинишича, унда бўлган Жанубий Корея расмий шахслари ва мутахассислари темир йўллари ҳолатини Хитой билан чегарадош бўлган Синийжу шаҳрига қадар текширувдан ўтказишади. Бу икки Корея давлати ўртасида қатновларни йўлга қўйиш учун қаерда таъмирталаб жойлар борлигини аниқлаш мақсадида керак.

Таъкидланишича, сафар 18 кун давом этади, улар давомида КХДРнинг 1200 километрлик темир йўллари текширилади. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ КХДР ва Жанубий Корея мамлакатларни оптик тола ёрдамида бирлаштирмоқчи экани хабар қилинганди.